Бугун Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуида «Соғлиқни сақлаш – TIHE 2024» 28-халқаро кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирлари ўтказилди.

«Premium Technics» масъулияти чекланган жамияти ҳам ушбу кўргазманинг доимий иштирокчиси. Корхонанинг савдо менежери Бекзод Алиевнинг сўзига кўра, бугунги кунда жамият ўз имкониятини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

– Корхонамиз 2010 йилнинг апрель ойидан расман ўз фаолияти бошлаган. У Ўзбекистон Республикаси корхоналар реестрида рўйхатга олинган. Корхонамиз бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Республикасида тиббий асбоб-ускуналар ва асбоб-ускуналар сотувчи йирик компаниялардан бири бўлиб келмоқда.

Ўтган 14 йил давомида биз бозорнинг 50 фоиздан ортиғини қамраб олдик, десам муболаға бўлмайди. Чунки компаниямиз фаолиятининг асосий устувор йўналишлари – тиббий ёрдам сифати ва самарадорлигини ошириш, шериклар билан узоқ муддатли муносабатларга эътибор қаратиш, ахборотнинг шаффофлиги ва энг яхши танловни топишдир.

Компаниямиз профессионал кўргазмалар ва илмий-амалий конференцияларнинг мунтазам қатнашувчиси ҳисобланади. Шунингдек, маҳаллий бозорни тиббий технология ва асбоб-ускуналар соҳасидаги ютуқлар билан таништириш мақсадида корхонамиз томонидан анжуманлар, семинарлар ва тренинглар ташкил этилади. Мижозлар базаси бутун мамлакат ҳудудини қамраб олади. Тиббий асбоб-ускуналар бозорининг доимий таҳлили ва энг янги тиббий технологиялар туфайли биз мижозларимизга замонавий ва ишончли маҳсулотларни таклиф этамиз. Бундан ташқари, барча маҳсулотлар сертификатларга эга ва техник ҳужжатлар билан бирга келади. Бу эса янада ишончли кафолатдир.

Бугунги кунда биз Хитойнинг 15 та ишлаб чиқарувчи компанияси билан ҳамкорлик қиламиз. Улар ишлаб чиқарган тиббий ускуналарни таклиф этамиз. Таъкидлаганимдек, «Соғлиқни сақлаш – TIHE 2024» 28-халқаро кўргазмасида қатнашиш бизга ҳар томонлама фойдали. Негаки, кўргазмада 20 давлатнинг 300 дан зиёд ишлаб чиқарувчиси ўз маҳсулотини ҳавола этаяпти. Улар орасида Ўзбекистон, Беларусь Республикаси, Германия, Дания, Италия, Қозоғистон каби мамлакат вакиллари бор. Экспозиция эса кенг қамровли бўлиб, унда энг «сўнгги авлод» тиббий технологиялари билан танишиш имконияти яратилган.

Келгуси режаларимиз янада улкан. Бизнинг галдаги вазифамиз Европа давлатларидаги тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик ўрнатишдир, – деди Б.Алиев.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА