Жанубий Корея сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Сеул марказий масжидида мазкур шаҳарда таълим олаётган ва меҳнат қилаётган ватандошлар билан самимий суҳбат қурди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, муфтий ҳазратлари мусофирликда юрган ҳамюртларимизнинг саъй-ҳаракатларига Ҳақ таолонинг Ўзи мададкор бўлиши, ота-она, аҳли оила нафақаси йўлидаги меҳнатлари айни савобли амал экани ва ўзга юртда доимо огоҳ бўлиб яшаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, ҳақиқий мўмин киши она Ватанига муҳаббатли бўлиши ва уни соғиниб яшаши тўғрисида Ислом манбаларида келган маълумотларни етказди.

Ўз навбатида Жанубий Кореяда бўлган ватандошларимиз ушбу учрашув учун миннатдорлик билдириб, файзли суҳбат Ватанни соғинган қалбларга таскин бўлгани, айниқса, келгусида илм ўрганиб, тажриба ҳосил қилгач, албатта, юртга қайтиб, она Ватан тараққиёти йўлида хизмат қилишларини билдирди.

Манфаатли учрашув сўнгида Муфтий ҳазратлари Ҳақ таолодан бутун дунё тинчлиги, халқлар фаровонлиги, ватандошларимизнинг касб-ҳунар ва илм эгаллаш йўлидаги интилишларига қут-барака сўраб дуо қилди.

ЎзА