Россия ва Қозоғистон ҳудудидаги сув тошқинидан хабарингиз бор. Афсуски, ушбу офат кўлами борган сари кенгаймоқда. Кутилмаганда, дунёнинг яна бир мегаполиси – Дубай ҳам охирги суткаларда ўта кучли ёмғирга дуч келди.
Шаҳарда ёққан ёғин миқдори бир йиллик кўрсатгичга етган. Ҳокимият давлат хизматчиларини уйдан ишлашга чақирди. Метро қатновида узилиш кузатилиб, мактаблар онлайн иш тартибига ўтказилди. Кеча тошқин сабаб дунёнинг энг гавжум қўналғаларидан бири – Дубай халқаро аэропорти ҳам ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Сув шу даражада кўп тошганки, самолётлар сув устидаги улкан қайиқларни эслатади. Маъмурият тез-тез учиб кетиш ёки қўниш кечикишидан огоҳлантирмоқда.
Қозоғистон ҳамон селдан азият чекмоқда. Давлат раҳбари Шимолий Қозоғистон вилоятининг табиат инжиқлигидан жабр кўрган аҳолиси билан учрашди. Ёз мобайнида уйлар қурилиб, қишгача турар жойига муҳтож аҳоли кўчиб келиши, ҳар қандай моддий зарар қопланиши айтилган. Шунингдек, Тоқаев бюджет маблағини тежаш, йирик тадбирларни ўтказишдан воз кечиш ҳақида кўрсатма берган.
Тошқин барча омборларни тўлдирди. Ҳатто, қурғоқчил ҳудудларга ҳам сув етиб борди. Бу қишлоқ хўжалиги ва ичимлик суви таъминоти учун муҳим аҳамиятга эга. Мамлакат Сув хўжалиги вазирлиги илк бор Улитовдаги “Кенгир” омбори суви дарё орқали Қизилўрда вилояти кўлларига етиб келганини маълум қилди. Остонадаги сув омбори 99 фоиз тўлди. Авваллари бу захира объекти канал орқали тўлдирилган.
Сув босган ҳудудларда ҳайвонлар қутқариляпти.
Россияда ҳам вазият ҳамон оғир. Курган шаҳри атрофидаги Тобол дарёсида сув сатҳи хавфли даражадан кўтарилиб кетди. Шаҳардаги 4 мингдан ортиқ турар жойи ва ҳовли сув остида қолган. Аҳоли ҳар икки соатда тошқин хавфидан огоҳлантирилмоқда.
Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.