Туркманистонда Ашхобод – Туркменобод тез юрар автомобиль магистралининг иккинчи қисми очилди. Мамлакат марказини шарқий ҳудуд билан, Тежен ва Мари шаҳарларини боғлайдиган бу йўлнинг узунлиги 109 километр. Ашхободдан Теженгача чўзилган 203 километрли биринчи қисм 2021 йил октябрда фойдаланишга топширилган.

***

Грузия парламенти Тбилисида оммавий норозилик келтириб чиқарган хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишдаёқ маъқуллади. Жараён парламент сайтида тўғридан-тўғри намойиш қилиб борилди. Ҳужжатни 83 депутат маъқуллади, ҳеч ким қарши овоз бермади. Овоз бериш мухолифат иштирокисиз бўлиб ўтган.

Парламент биноси қаршисида уч кундан буён норозилик акцияси тўхтамаяпти.

***

Япония ҳукумати ёзда Марказий Осиёнинг беш  мамлакати – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан саммит ўтказишга тайёрланмоқда, деб хабар тарқатди “Kyodo” агентлиги.

Ҳозир учрашувни август ойида Қозоғистонда ташкил этиш масаласи муҳокама қилиняпти, аниқ жадвал кейинроқ тасдиқланади. Йиғинда кун чиқар мамлакат Бош вазири Фумио Кисида иштирок этади ва биринчи навбатда иқтисодий ҳамкорликка эътибор қаратилади.

***

Женева конференциясида донор давлатлар қурғоқчилик ва сув тошқини билан боғлиқ инқироздан азият чекаётган Эфиопияга 630 миллион доллар ажратишни ваъда қилди.

БМТ маълумотига кўра, айни пайт мамлакатнинг 15,5 миллион аҳолиси гуманитар ёрдамга муҳтож.

***

Кремль Қорабоғдан Россия ҳарбий контингенти тўлиқ олиб чиқиб кетилганини тасдиқлади. РФ Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг муайян ҳарбий кучи Қорабоғни тарк этаётгани ҳақида тарқалган хабарларга изоҳ берар экан, журналистларга “Ҳа, худди шундай”, – деб жавоб берган.

***

Грузия Президенти Саломе Зурабишвили, агар хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишдаёқ қабул қилинса, ҳужжатга қарши вето қўйишини айтди.

– Мен худди Европа Иттифоқи стратегияси ва тавсиясига зид бошқа қонунлар каби ушбу қонунга ҳам вето қўяман, – деди у “Би-би-си” мухбирига.

***

Туркия ТИВ раҳбари ўринбосари Бурак Оқчопар ва АҚШ Давлат котиби ўринбосари Басс учрашувида Президент Эрдоғаннинг Вашингтонга 9-10 май кунлари мўлжалланган ташрифи билан боғлиқ тайёргарлик жараёни келишиб олинди.

Оқчопар АҚШга Туркиянинг Россия – Украина урушини тўхтатиш бўйича қарашини ҳам тақдим этди, дейилади “Anadolu” хабарида.

***

Қирғизистонда “TikTok” ижтимоий тармоғи ёпиладиган бўлди. Рақамлаштиришни ривожлантириш вазирлиги Алоқа соҳасини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш хизмати мамлакат интернет-провайдерларига мазкур тармоққа уланишни чеклаш сўралган мактуб йўллаган. Таъкидланишича, Давлат Миллий хавфсизлик қўмитаси “TikTok”нинг Қирғизистон сегменти контенти сараланишини таъкидлаб, айниқса “болалар ахборот кенглигида” бу борада тизимли ёндашув йўқлигига эътибор қаратган.

***

Озарбайжон Украинанинг Ирпин шаҳрида тўртта йирик объектни қайта тиклашга молия киритади. Давлатга қарашли “SOCAR” нефть компанияси Ирпиндаги шаҳар поликлиникасини таъмирлашни зиммасига олди, деди шаҳар мэри Маркушин.

***

“Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Грузиянинг Европа Иттифоқига интилишига мос  эмас. Европа Кенгаши раиси Шарль Мишель ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шу мазмунда сўз юритиб, мазкур ҳужжат қабул қилиниши Тбилисини Евроиттифоқдан узоқлаштиради, деди.

***

Британиянинг “British Petroleum” компанияси Озарбайжонда янги “Azeri Central East” (ACE) денгиз платформасида нефть қазиб олишга киришди. Кондан фойдаланиш давомида компания 300 миллион баррель қора олтин олади, дейилган компания сайтида тарқатилган хабарда.

С.Раҳимов, ЎзА