Жорий йил март ойи ўрталари ва апрель ойи бошларида юртимиз делегациясининг Афғонистонга хизмат сафари амалга оширилди.

Натижада Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги билан бир қатор келишувларга эришилди. Хусусан, Афғонистон ҳудуди  тупроқ-иқлим шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини экиб, синаб кўриш мақсадида Термиз шаҳридаги «Айритом» халқаро чегара ўтказиш пункти, «Ҳайратон – Мозори Шариф» темир йўли орқали 15 турдаги экинларнинг 35 хилдаги селекция навларидан иборат 2,7 тонна уруғлик туҳфа қилинди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.

Мазкур уруғлик, Афғонистон Қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирлиги Илмий тадқиқотлар бош бошқармаси бошлиғи доктор Муҳаммад Рафи Бавари томонидан қабул қилиб олинган. Айтиш жоизки, Афғонистон қишлоқ хўжалиги соҳаси анча ортда қолган бўлиб, буни биргина чигит экиш ишларининг қўлда бажарилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Маълумотга кўра, Ўзбекистон ва Афғонистон тарихида илк бор кузатилаётган бундай ҳамкорликдан кўзланган мақсад юртимизда яратилган навлар агротехнологиясини қўшни халқ вакилларига ўргатишдир.

А.РУСТАМОВ, ЎзА