Ўзбекистон Республикаси Президенти “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Мамлакатимизда халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш, қишлоқ автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ҳамда қишлоқ ҳудудларида яшайдиган аҳолининг умумий автомобиль йўлларига чиқиш шароитларини яхшилаш мақсадидаОсиё тараққиёт банки директорлар кенгаши томонидан 2023 йил 11 декабрда «Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш» лойиҳасини амалга ошириш учун 240,0 млн АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари 5 йиллик имтиёзли давр билан 25 йил муддатга ажратилган.

Мазкур лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси ва ОТБ ўртасида 2023 йил 29 декабрда қарз битими имзоланган.

Лойиҳа муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишлари Халқаро муҳандислар-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Қурилиш ишлари якунланиб, объектлар фойдаланишга қабул қилингандан сўнг бош пудратчи томонидан 5 йил давомида кафолатли соз ҳолатда сақлаш ва эксплуатация қилиш ишлари амалга оширилади.

Лойиҳада ОТБнинг улуши 240,0 млн AҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг улуши 64,9 млн АҚШ доллари, шу жумладан божхона божларидан озод этиш кўринишида 28,4 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни ташкил этади.

Лойиҳани амалга ошириш муддати 9 йил (2024-2032 йиллар), шу жумладан қурилиш ишлари 4 йил (2024-2027 йиллар) ҳамда сақлаш ва эксплуатация қилиш ишлари 5 йил (2028-2032 йиллар) этиб белгиланган.

Қарор билан Осиё тараққиёт банки иштирокида «Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш» лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари;

Осиё тараққиёт банки томонидан ажратиладиган қарзни қайтариш ҳамда фоиз тўловларини амалга оширишнинг прогноз жадвали;

Осиё тараққиёт банки иштирокида «Цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш» лойиҳаси доирасида ҳудудлар кесимида амалга ошириладиган қурилиш ишлари қуввати тасдиқланди.

Лойиҳа доирасида цемент-бетон қопламага ўтказиладиган автомобиль йўлларининг йўл бўйи минтақаларида иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда 2,5 миллион дона манзарали дарахт ва терак кўчатлари экилади.

 

ЎзА