Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Наврўз Норбобоев ушбу ташкилот томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.

Унга кўра, тегишли ташкилот билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида 2 минг 629 та истеъмолчи томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Хусусан, 111,4 миллион метр куб табиий газ (167 млрд. 100 млн. сўм) ва

111,2 миллион киловатт-соат электр энергиясидан (166 млрд. 700 млн. сўм) ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатига жами 333 миллиард 800 миллион сўм зарар етказилган.

– Шунингдек, крипто актив ва майнинг фаолияти бўйича 63 ҳолатда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган. Ушбу аниқланган ҳолатлар юзасидан электр таъминоти корхонаси томонидан жами 83 миллиард 86 миллион сўм (21 млн. 319 минг киловатт-соат) миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди. Истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 1 минг 832 та маъмурий иш расмийлаштирилди. Уларнинг 989 таси электр энергияси ва 843 таси эса табиий газга доирдир. Шунингдек, инспекциянинг назорат-кимё лабораториялари томонидан нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирларида 562 та АЁҚШ ва корхонадан 819 та таҳлиллар олиниб, шундан 44 та ҳолатда 1 миллион 617 минг литр нефть маҳсулоти сифатсизлиги аниқланди ва сотувга чиқарилишининг олди олинди. Ўз навбатида, ташкилотимиз истеъмолчиларга Давлат хизматларини кўрсатиш бўйича умумий қуввати 572,7 МВт бўлган жами 2 минг 411 та объектнинг электр таъминоти лойиҳаларини экспертизадан ўтказди. Унга кўра, 1 минг 440 истеъмолчининг электр қурилмалари электр тармоқларига уланди, –деди Н.Норбобоев.

Тадбирда муҳофаза зоналарида ноқонуний қурилган объектлар бўйича кўрилаётган чоралар ҳам айтиб ўтилди. Унга асосан электр тармоқларининг муҳофаза зоналарига ноқонуний равишда қурилган 9 минг 544 та объект хатловдан ўтказилиб, 8 минг 266 та объект бўйича далолатномалар расмийлаштирилган. Шундан 1 минг 530 та объектнинг ҳужжатлари суд органларига тақдим этилган. 402 та объектга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.

Қайд этилишича, энергоаудиторлар томонидан ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини энергетика текширувидан ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган 41 та дастур кўриб чиқилиб, шундан 17 тасининг камчиликлари кўрсатилган ҳолда қайтарилган. Шунингдек, корхоналарда энергоаудит текшируви ўтказилишини жадаллаштириш юзасидан 375 та корхонага кўрсатмалар берилган.

Брифингда айтиб ўтилганидек, мурожаатлар билан ишлаш ҳам тизимли олиб борилмоқда. Хусусан, жисмоний ва юридик шахслардан 489 та мурожаат келиб тушган. Шундан 38 таси ижобий ҳал қилингани, 412 тасига тушунтириш берилгани ва 39 таси ўрганиш жараёнида экани билдирилди.

 

Н. Зиёдуллаева, ЎзА