Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида ушбу мамлакатда яшаётган ватандошлар ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди.

Элчихона ташаббуси билан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, «Заковат интеллектуал клуби» нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Германиядаги ваколатхонаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида Европа Иттифоқи давлатлари орасида илк бор Германияда ташкил этилган ушбу Наврўз байрамига бағишланган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир очилишида сўз олган мамлакатимиз элчиси Дилшод Аҳатов хорижий давлатлар олийгоҳларида таҳсил олаётган ватандошлар ўртасида ташкил этилаётган спорт, маданий-маърифий тадбирлар, хусусан, «Заковат» интеллектуал ўйини каби мусобақалар ҳамюртларимизни янада жипслаштириш ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Муросасиз кечган интеллектуал беллашувда ГФРнинг турли федерал ўлкаларидан келган 18 та жамоа қатнашди. Қизғин баҳс-мунозаралар, мантиқий саволларга бой ўтган турнирда гуруҳлар сараланиб, совриндорлар аниқланди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин «Вестфалиа» жамоасига насиб этди. Уларга она юртга – Ўзбекистонга бир ҳафта муддатга саёҳат тур пакети тақдим этилди.

«Гаусс» жамоаси 2-ўринни, «Туркистон» жамоаси эса 3- ўринни эгаллади.

Тадбир якунида ғолиблар ва ўйинда фаол иштирок этган 15 та жамоага эсдалик совғалар улашилди. Ўзбекистондан келган санъаткорлар гуруҳининг чиқишлари тадбирга янада завқ бағишлади.

 Н.Зиёдуллаева, ЎзА