Қирғизистон пойтахти Бишкекда спорт курашлари бўйича поёнига етган Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчилари 2 та кумуш ва 5 та бронза медалига сазовор бўлди.

«Париж-2024» Олимпия ўйинларининг рейтинг мусобақасига тайёргарлик вазифасини ўтаган қитъа чемпионатида эркин курашчиларимиздан Жавраил Шапиев -86 килограммда, Шерзод Поёнов -92 кило оғирликда кумуш медалларга эга чиқди. Яна бир эркин курашчимиз Асомиддин Ҳасанов, юнон-рум кураши усталаридан Абдулло Алиев, Дониёрхон Набиков, Муҳаммадқодир Расулов ва Раҳимжон Узоқов ўз вазн тоифаларида бронза медали соҳибларига айланди.

Эслатиб ўтамиз, энди мамлакатимиз спорт курашчилари 19-21 апрель кунлари Бишкекда ўтадиган «Париж-2024» олимпиадаси учун лицензион турнир мақомидаги мусобақада Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.

 

Т. Рўзиев, ЎзА