Ҳарбий прокуратура органлари томонидан 2024 йилнинг биринчи чорагида ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, ёшларни ватанпарварлик ва қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида қандай ишлар амалга оширилди?

Бу саволга Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси ахборот хизмати раҳбари Шерзод Ҳайитов жавоб берди:

– Ҳарбий прокуратура органлари томонидан 2024 йил биринчи чорагида ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш борасида Қуролли кучлар томонидан вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тўрт мингдан зиёд қонунчилик тарғиботи тадбирлари ўтказилди.

Конституция моҳияти ва аҳамияти ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга доир 60 дан зиёд долзарб мавзуларда ҳуқуқий тарғибот ва профилактика тадбирларида фойдаланиш учун иккита электрон тўплам ишлаб чиқилди.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида «Прокурорлик соати», «Ҳарбий қисмда бир кун», «Очиқ эшиклар куни», «Ҳарбий прокурор ва ёшлар учрашуви», «Уч авлод учрашуви» каби қатор тадбирлар доирасида ўқувчилар ва ёшларнинг ҳарбий қисм, муассаса ва полигонларга ташрифлари ташкил этилмоқда.

Ҳарбий прокуратурага бириктирилган олис ҳудудлардаги 515 та умумтаълим мактабида, шунингдек, ҳарбий академик лицейларда ўқувчилар иштирокида ҳамда ҳарбий таълим муассасаларида курсантлар билан 500 дан ортиқ «Прокурорлик соати» ташкил этилиб, қарийб 20 минг нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинди.

Чегараолди ҳудудлардаги маҳаллаларда Қуролли кучлар вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда ёшлар иштирокида кенг миқёсда ватанпарварлик тадбирлари ўтказиб келмоқда.

Бу борада 412 та чегараолди маҳалла ёшлари билан ватанпарварлик тадбири ўтказилди ва уларда юз мингдан зиёд ёшлар қамраб олинди. Бу борадаги фаолиятда оммавий спорт мусобақалари ва бошқа танловларни ўтказишга эътибор қаратилмоқда.

Мисол учун, март ойида Наманган вилояти Янгиқўрғон туманининг чегараолди ҳудудларида яшовчи ёшлар ўртасида «Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори кубоги учун» мини футбол мусобақаси ўтказилди. Унда туманнинг 72 та маҳалласидан иштирок этган ёшлар ўзаро беллашди ва ғолиблар муносиб тақдирланди.

Қизларни ватанпарварлик руҳида камолга етказиш мақсадида Ҳарбий прокуратура томонидан олис ҳудудлардаги мактабларда «Мен – ватанпарварман!» лойиҳаси йўлга қўйилди. Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида якунланган ушбу тадбирлар ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида давом этмоқда.

Ҳарбий прокуратура ва ҳудудлардаги касб-ҳунар мактаблари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шу асосда ўқувчилар билан ватанпарварлик ва ҳуқуқий саводхонлик каби қатор йўналишларда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жойларда ҳудудий ҳарбий прокуратураларга 2-сектор ҳудудидан бириктирилган маҳаллаларда «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар билан манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўналишидаги фаолият ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Ҳарбий прокуратура биносида ҳарбий хизматчиларга уларнинг солиқ қонунчилигидаги имтиёзлари доирасида тегишли ҳужжатларни электрон платформага бепул жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Натижада ҳозирги кунга қадар 200 дан ортиқ ҳарбий хизматчига 700 миллион сўмга яқин солиқ ушланмалари қайтарилишида кўмаклашилди.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва пенционерлар муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш учун Қуролли кучлар вазирлик ва идоралари билан ҳамкорликда 60 та сайёр қабул ўтказди. Уларда 819 мурожаатдан 133 таси қаноатлантирилди, 518 тасига тушунтириш берилди, 168 таси назоратга олинган ҳолда тегишли идораларга юборилди.

Олис ҳудудда яшовчи ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари ҳам изчил давом этмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 23 декабрдаги тегишли фармони ижроси доирасида ҳарбий прокуратура томонидан «Қуролли кучларда ижтимоий ҳимоя» электрон платформаси ишга туширилди. Ҳозирда платформа ипотека кредити, рағбатлантириш ва интизомий жазо, ижара компенсацияси йўналишлари бўйича ҳарбий тузилмалараро тест режимида ишламоқда.

Ҳарбий прокуратура органлари томонидан бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА