Ўзбекистон ва Корея давлатлари ўртасида таълим соҳасида амалга оширилаётган ҳамкорлик ўз самарасини бермоқда.

Бугунги кунда юртимизнинг 5 та олий таълим муассасаси Кореянинг 7 та университети билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, бакалавриат ва магистратура йўналишларида қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилган.

Олий таълим фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Корея Республикасининг Чунчонгбук-до провинцияси губернатори Ким Ёнг Хван бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Губернатор Ким Ёнг Хван Ўзбекистоннинг инсон ресурсларига бой мамлакат эканини эътироф этар экан, мазкур ресурслардан оқилона фойдаланиш, сифатли мутахассислар етиштириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан таклифларини берди. Унинг таъкидлашича, Чунчонгбук-до провинциясида 20 га яқин университет фаолият юритади. Ҳудудда саноат ишлаб чиқариш ривожланган. Шунга мувофиқ, бугунги кунда электр автомобиллари учун батареялар, қуёш панеллари ва модуллари, ярим ўтказгичлар, биофармацевтика ҳамда косметика воситалари ишлаб чиқарувчи кўплаб компанияларга муҳандис-кадрлар тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.

Қўнғиротбой Шарипов ҳудудлараро алоқаларни кучайтиришга қаратилган бундай янги ташаббусларни жорий этиш вақти келганини таъкидлади.

Ким Ёнг Хван ўзи бошқараётган провинцияда ўзбекистонлик талабаларни грант асосида ўқитиш ва бу даврда турар жой ҳамда қўшимча иш билан таъминлаш дастурини жорий этиш таклифини берди. Корея делегацияси аъзоларидан бири Jungwon университети ректори Ҳванг Юн Вон ўзи бошқараётган олий таълим муассасасидаги талабалар турар жойида 2000 та бўш ўрин борлиги ҳамда ўзбекистонлик талабалар ва докторантларни қабул қилишга тайёр эканини таъкидлади.

Талаба ва докторантларнинг мазкур дастурда иштирок этиши учун улар инглиз ёки корейс тилларини билиши, академик ўзлаштириши ва хулқи қониқарли бўлиши талаб этилади.

Учрашувда томонлар талабаларнинг замонавий билим ва кўникмалар олиши учун шароит яратиш икки давлат иқтисодиёти ҳамда таълими ривожида янада аҳамиятли эканини қайд этишди.

 

А.РУСТАМОВ,

ЎзА