Маълумки, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш ва иқлим ўзгариши соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, атмосфера ҳавоси, ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда давлат экологик назоратини юритиш каби вазифалар юклатилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги тадбиркорлар уюшмаси раиси Лю Ю бошчилигидаги тадбиркорлар ва бизнес вакилларидан иборат делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда А. Абдуҳакимов Ўзбекистон ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳар томонлама янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.

– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи чоғида имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим нафақат муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди, балки ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳам янги имконият эшикларини очади дейди А. Абдуҳакимов.

Шунингдек, А. Абдуҳакимов Ўзбекистон экологик тоза “яшил” технологияларни ўрганиш ва жорий этишда Хитойдан инвестицияларни жалб қилиш, қаттиқ маиший чиқиндилар, электрон чиқиндилар  (e-waste) билан ишлаш “waste-to-energy” тамойили юзасидан чиқинди газидан энергия ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликдан манфаатдор эканлигини қайд этди.

Мулоқот жараёнида хитойлик тадбиркорлар Ўзбекистон билан ҳамкорликда фаолият олиб бориш, жумладан, тегишли лойиҳаларни амалга ошириш ва оқава сувларни тозалаш ускуналарини ишлаб чиқариш, шовқинни камайтиришни талаб қилувчи муҳандислик иншоотларини таъмирлаш, темир йўл транспорти, энергетика, саноат, нефт-газ ва бошқа соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича ўз режалари билан ўртоқлашди.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА