Мамлакатимизда бошоқли дон экинлари навларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш, мақбул муддатларда экиш ва парваришлаш, бунинг учун зарур бўлган моддий-техника ресурсларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бериш, бошоқли дон ҳосилдорлигини ҳамда фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерларининг манфаатдорлигини ошириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси матбуот хизматининг маълум қилишича, республикада 2024 йил ҳосили учун 1 миллион 169 минг 775 гектар майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилинмоқда.

“Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармалари ва туманлар бўлимлари томонидан жойларда жорий йил ҳосили учун ғалла парваришида агротехник тадбирларни ташкил қилиш билан бирга, уни ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши устидан доимий назорат ўрнатилган.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда парвариш қилинаётган ғалла майдонларида касаллик, зараркунанда ва бегона ўтларга қарши кураш ишлари амалга оширилмоқда. Мавжуд 5 минг 48 дона пуркагич билан занг касаллигига қарши 1 миллион 78 минг 257 гектар ёки 92 фоиз майдонда фунгицидлар билан ишлов бериш ишлари ўтказилган. Ғалла майдонларидаги бегона ўтларга қарши 91 фоиз майдонда гербицидлар билан ишлов берилган.

Ушбу тадбир Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тўлиқ амалга оширилди.

Шунингдек, ғалла зараркунандаларига қарши 584 минг гектар ёки 50 фоиз ғалла майдонларида зараркунандаларга қарши инсектицидлар билан ишлов берилгани аниқланди. Соҳа ходимлари томонидан мавсум давомида ҳудудларда ғалла парваришида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан 31 минг 150 та мониторинг тадбири ўтказилиб, ушбу тадбирлар давомида 15 минг 178 та фермер хўжаликнинг 107 минг 914 гектар ғалла майдонида камчиликлар аниқланган.

Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида туман ҳокимликлари, мутасадди ташкилот ва идораларга 470 та тақдимномалар киритилди, ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликларига 30 минг 680 та огоҳлантириш берилган.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА