Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси ҳузуридаги Ёшлар парламенти ўртасида видеоконференцалоқа шаклидаги учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида иккала парламентнинг ёш аъзолари ҳар бир давлатда ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини шакллантиришга қаратилган фаолияти ва лойиҳалари юзасидан фикр алмашди.

Хусусан, Ёшлар парламенти томонидан жамоатчилик мониторингини олиб бориш мақсадида 10 га яқин вазирликлар билан икки томонлама учрашувлар ташкил этилгани ва ҳамкорликда амалий лойиҳаларни йўлга қўйишга келишилаётгани, “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида Ёшлар парламенти боғлари ташкил қилинаётгани ҳамда Ўзбекистонда ёшларнинг ижтимоий тармоқлардан хавфсиз ва самарали фойдаланиши юзасидан амалий чоралар кўрилаётгани тўғрисида маълумотлар берилди.

Учрашувда томонлар 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Меморандумини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни имзолади.

Мазкур “Йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ёшлар сиёсатининг долзарб масалалари бўйича давра суҳбатлари, мазкур давлатларда таҳсил олаётган ва ишлаётган ёшлар билан юзма-юз ёки онлайн учрашувлар ҳамда ёшларга манфаатли бўлган бошқа тадбирларни ўтказиш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 2023 йил сентябрь ойида Ўзбекистон ва Беларусь Ёшлар парламентлари ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланган.

Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли соҳаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА