Ёшлар ижод саройида “Тошкент – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг биринчи ёшлар пойтахти” тадбири очилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда МДҲга аъзо мамлакатларнинг ёшлар ташкилотлари раҳбарлари ва ёшлари сифатли таълим, фан, инновация, волонтёрлик ва экология соҳалари бўйича мулоқот қилди.

Шу билан бир қаторда, ёшлар лойиҳалари тақдимотлари, технологик, ҳунармандчилик ва тадбиркорлик кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

Маълумки, 2023 йил Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида ўтказилган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида “МДҲ Ёшлар пойтахти” халқаро лойиҳасини амалга ошириш бўйича қарор қабул қилинган. Унга кўра, 2024 йилда Тошкент шаҳри МДҲнинг Ёшлар пойтахти мақомини олиши белгиланган.

Тадбирда қайд этилганидек, МДҲ Ёшлар пойтахти лойиҳасини 3 босқичда ташкил этиш кўзда тутилган.

Биринчи босқичда Тошкент шаҳри МДҲ Ёшлар пойтахти деб эълон қилингани муносабати билан расмий очилиш маросими ўтказилди. Унинг доирасида МДҲ Ёшлар Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Тошкент шаҳри МДҲ Ёшлар пойтахти сертификати қабул қилиб олинди. МДҲга аъзо мамлакатларнинг Жамоат бирлашмалари ёшлар форуми ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Иккинчи босқичда жорий йилнинг учинчи чорагида Ёшлар парламентлари оромгоҳи, иккинчи халқаро волонтёрлар фестивали, шахмат турнири, “Яхши ишлар йўлида” онлайн конференцияси ўтказилади.

Учинчи босқичида эса декабрь ойида МДҲ Ёшлар пойтахти мақомини 2025 йили Озарбайжоннинг Габала шаҳрига ўтказиш мақсадида ёпилиш маросими ўтказилади.

Тадбирларга 200 нафардан ортиқ МДҲга аъзо ва кузатувчи мамлакат ёшлари, ёшлар сиёсатига масъул давлат органлари, ННТ ва жамоат ташкилоти раҳбарлари ва вакилларидан иборат делегациялар таклиф этилиши режалаштирилган.

Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА