Давлатимиз раҳбари тўқимачилик тармоғида фаолият юритаётган корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди.
Жумладан, мутасаддиларга:
– “А” рейтинги бор тадбиркорларга ҳам икки йил давомида қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича бир кунда хулоса бериш тизимини йўлга қўйиш;
– хориждаги “эркин зоналар”нинг омборларини ижарага олиш, бўялган мато экспорт қилган корхоналарга хорижий валютада кредит ажратиш тизимини жорий қилиш;
– тадбиркорлар рейтингида “А” тоифадаги экспортчи корхоналарга аккредитивни гаровга олиш ва уни 70 фоизи миқдорида айланма маблағ учун кредит ажратиш тизимини йўлга қўйиш;
– тўқимачилик корхоналарига объектларни ўз кучи билан қуришга рухсат бериш;
– газлама, бўяш-пардозлаш, тайёр тикув-трикотаждаги 10 миллион долларгача бўлган лойиҳалар учун чет эл валютасида олинадиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 6 фоиздан юқори қисмини компенсация қилиш;
– тўқимачилик корхоналари айланмаси учун берилган кредитларнинг қайтариш муддатини узайтириб, тадбиркорларга график бўйича ўз вақтида қайтарилган суммага тенг миқдорда “револьвер” кредит бериш;
– пойтахт ва вилоят марказларидаги йирик савдо комплексларида “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” номи остида миллий маҳсулотлар дўконларини ташкил қилиш бўйича асослантирилган таклифлар киритиш топширилди.
ЎзА