Кеча Ҳиндистон Қуролли кучларининг Қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи генерал Манож Панденинг Ўзбекистонга тўрт кунлик ташрифи бошланди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида Ҳиндистон армиясининг юксак мартабали вакили қабул қилинди.

Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов билан бўлган учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик истиқболлари ҳамда бугун “Термиз” полигонида бошланган қўшма ҳарбий ўқув машғулотларининг бешинчи босқичи жараёнларини муҳокама қилди.

Музокаралардан сўнг Ҳиндистон делегацияси аъзолари Қуролли кучлар давлат музейида бўлиб, бу ерда сақланаётган тарихий экспонатлар билан танишди.

Генерал Манож Панде ўз ташрифи давомида Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясида Ҳиндистон кўмагида ташкил этилган ахборот технологиялар лабораториясининг очилишида қатнашиб, “Термиз” полигонидаги “Дўстлик-2024” бешинчи Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳарбий ўқув машғулотларини кузатиши, шунингдек, қадимий Самарқанд шаҳрига ташриф буюриши кутилмоқда.

Шунингдек, Ҳиндистон Қуролли Кучлари армияси генерали, шунингдек, Тошкентда Ҳиндистоннинг собиқ Бош вазири Лал Баҳодур Шастри хотирасига ҳурмат бажо келтиради ва Ғалаба боғини зиёрат қилиб, Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини қайд этади.

Ҳиндистон ОАВ Генерал Манож Панденинг Ўзбекистонга ташрифи Тошкент ва Деҳли ўртасидаги мудофаа ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлади, деб қайд этмоқда.

Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА