Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев соҳа ходимларини касб байрами билан муборакбод этиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини қўллаб-қувватлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни рағбатлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида гапирди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга, уларга қулай шарт-шароит яратишга ва меҳнатини муносиб рағбатлантиришга, аҳолининг маданий дам олишини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган қисқа давр мобайнида соҳага оид қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилингани бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Айниқса, ўтган йили “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маданиятни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарорининг қабул қилиниши маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳамда ижодкорларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда, ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг бой ва қадимий маданиятини ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг равишда ривожлантиришда, шунингдек, бадиий жамоаларнинг маҳаллий ва хорижий гастроль сафарларини ташкил этиш ишларини доимий молиялаштириш тизимини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мана шундай эътибор натижасида шаҳар ва туманларда бир қатор маданий объектлар, Қорақалпоғистон санъат саройи янгидан қурилиб, опера ва балет театри, хореография академияси ҳамда мактаб-интернати ташкил этилмоқда. Бу эса кўп миллатли халқимизнинг асрлар давомида мерос бўлиб келаётган бой ва қадимий маданияти билан санъатини кенг тарғиб қилишга, уни келажак авлодга етказишга, аҳолига сифатли маданий хизмат кўрсатишга, ёш авлодни она Ватанга садоқат, миллий маданиятимиз билан санъатимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга, миллатлараро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбирда бир гуруҳ соҳа фидойиларига Қорақалпоғистон Республикаси фахрий унвонлари ҳамда кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари