Болалар омбудсмани: хорижда қаровсиз қолиб кетган болалар Ўзбекистонга қайтарилди

294

Болалар омбудсманига Наманган вилоятида яшовчи аёл X.X. мурожаат қилиб, Россияда қаровсиз қолган вояга етмаган фарзандларини қайтаришда амалий ёрдам сўраган.

Маълум бўлишича, аёл Россиянинг Қозон шаҳрида 2012 йилда туғилган қизи Н.У., 2015 йилда туғилган ўғли Ж.Н. ҳамда турмуш ўртоғи K.Г. билан бирга яшаган.

2024 йил 12 февраль куни ота ўғлини урганлиги сабабли бола полиция томонидан касалхонага жойлаштирилган. Хорижда яшашга оид тегишли ҳужжатлар тақдим этилса, полиция болани онасига қайтаришини маълум қилган.

Лекин аёлнинг ҳужжатларида камчиликлар бўлган. Шу туфайли у Қозоғистон Республикаси ҳудудига ўтган. Бироқ тақиқ туфайли Россияга қайта кира олмаган ва Ўзбекистонга келган.

Аёлнинг мурожаати Болалар омбудсмани сўрови асосида Ташқи ишлар вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганилди.

Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари томонидан олиб борилган ўрганиш натижасида Қозон шаҳридаги ҳуқуқ-тартибот органлари билан алоқа ўрнатилди.

Аниқланишича, аёлнинг вояга етмаган фарзандлари Қозон шаҳридаги 41-сонли ўрта мактабда таълим олган. Мактаб ҳудудида ота ўғлига нисбатан жисмоний куч ишлатганлиги сабабли, у 18-сонли болалар шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилган ва даволанишга эҳтиёж мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шу билан бирга, Бош консулхона томонидан Қозон шаҳри Вахитов ва Приволжск туманлари васийлик органи билан музокаралар олиб борилди. Васийлик органи болаларнинг онасининг Россияга киришга имконияти йўқлигини инобатга олган ҳолда уларни Ўзбекистонга юборишга рухсат берган.

Идораларнинг изчил ва ўзаро тезкор чоралари натижасида ИИВ томонидан вояга етмаган икки нафар бола Ўзбекистонга қайтариб олиб келинди ва онаси қарамоғига топширилди.

Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, ташқи ишлар ҳамда ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида Россия Федерациясида ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган яна 17 нафар бола мамлакатимизга қайтарилди.

Айни вақтда болалар «Вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази»га жойлаштирилган. Улар яқинлари қарамоғига қайтарилади. Шунингдек, улар доимий равишда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари томонидан назоратга олинади.

Н.Абдураимова, ЎзА