АОКАда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Абдурауф Расулов иштирокида брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, автотранспорт воситалари импорти билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига ижтимоий тармоқ орқали қилган мурожаатларида транспорт воситалари импортида мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиришда муаммоларга дуч келаётганликлари иддао қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт тўғрисида”ги қонуни 14- моддасида транспорт воситалари мувофиқлик сертификати ёки транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжатига эга бўлиши, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган транспорт воситаларини Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариш, сотиш (реализация қилиш) ёки улардан фойдаланиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда республикада транспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолаш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги тегишли қарори билан тасдиқланган “Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламент асосида аккредитациядан ўтган 11 та сертификатлаштириш идораси ва 12 та синов лабораторияси томонидан амалга оширилмоқда.

Интернет тармоғида муҳокамага сабаб бўлган тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларида келтирилган “янги тартиб” аслида 2017 йилдан буён амалда. Бу тартиб бекор қилинган эмас. Хусусан, Регламентнинг 5-бандига асосан, муомалага чиқарилаётган транспорт воситаларининг мувофиқлигини тасдиқлаш учун транспорт воситалари тури маъқулланади ёки мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжати – транспорт воситаларига белгиланган тартибда расмийлаштирилган, бир турга кирувчи транспорт воситаларининг техник Регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлиб, уч йил муддатга чекланмаган миқдорда транспорт воситасини импорт қилиш имконини беради.

Мутахассисга кўра, ягона транспорт воситаси – жисмоний ёки юридик шахслар томонидан ўз эҳтиёжи учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бир календар йили давомида олиб келинган бир дона транспорт воситаси ҳисобланиб, соддалаштирилган тартибда сертификатлаштирилади. Яъни, жисмоний ва юридик шахслар ўз эҳтиёжлари учун бир календар йили давомида бир дона импорт қилинган транспорт воситасига мувофиқлик сертификати асосида, бир донадан ортиқ транспорт воситалари импорт қилинганда эса транспорт воситаси турини маъқуллаш ҳужжати асосида эркин муомалага чиқарилади. Жорий йилнинг ўзида 26 та транспорт воситасининг тури маъқулланиб, давлат реестрида рўйхатга олинган.

 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА