Бугун пойтахтимиздаги «Ўзекспомарказ» марказий кўргазмалар мажмуида «Соғлиқни сақлаш – TIHE 2024» 28-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.

Унда Ўзбекистон, Бангладеш, Беларусь Республикаси, Германия, Дания, Италия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Россия каби 20 мамлакатдан 300 дан ортиқ компания ўз имкониятларини намойиш қилмоқда.

Қайд этиш керакки,«Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилган ушбу кўргазма 28-маротаба маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчилар ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассислари учун ўзаро мулоқот майдонини яратмоқда.

– Бугунги кунда мамлакатимиз тиббиёт соҳасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди «Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси бош директори ўринбосари Ойимхон Бобожонова. – Бу жараёнда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини янада ошириш муҳим ҳисобланади. Уч кун бўлиб ўтадиган ушбу кўргазма ҳам тиббиёт соҳаси вакиллари учун ана шундай ўзаро ҳамкорликка кенг йўл очиб беради. Айниқса, тиббий, фармацевтик, лаборатория, стоматология ускуналари, сарф материалларининг кенг ассортиментини намойиш этадиган кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ушбу тадбирдаги иштироки янада эътиборлидир. Кўргазма доирасида соҳа мутахассислари учун семинарлар, маҳорат дарслари ва анжуманлар ўтказилади.

Таъкидлаш керакки, «TIHE 2024» кўргазмаси Бутунжаҳон кўргазма саноати уюшмаси (UFI) томонидан тасдиқланган тадбир мақомига эга бўлган Ўзбекистондаги ягона тиббий кўргазма ҳисобланади. У тиббиёт ҳамжамияти мутахассисларига «сўнгги авлод» тиббий технологиялари билан танишиш имкониятини яратаётган ноёб платформага айланиб улгурди.

Тошкентлик офтальмолог Элдор Ҳакимов ҳам ушбу кўргазма жараёнларини кузатиб, ўз соҳасига доир янгиликлар билан яқиндан танишди.

– Аввало, тадбир ташкилотчиларига катта раҳмат. 20 давлатнинг тиббиёт соҳаси ишлаб чиқарувчиларини бир манзилга жамлаш ва улар учун катта платформа яратиш осон иш эмас. Шунга қарамай, кўргазма экспозицияси жуда катта майдонда уюштирилган ва тиббиёт соҳасининг деярли барча йўналишларини қамраб олган. Бу нафақат маҳаллий, балки хорижлик ишлаб чиқарувчилар учун харидорлар топишга ва ўз маҳсулотларини экспорт қилишга қулай фурсат дейиш мумкин, – деди Э. Ҳакимов.

Эслатиб ўтамиз, ушбу йилги «TIHE 2024» халқаро кўргазмаси «Ўзэкспомарказ»нинг тўртта павильонида ташкил этилган. Биринчи павильонида Германия, Россия, Хитой, Корея Республикаси, Туркия миллий стендлари, 2-павильонда тиббиёт технологиялари, лабораторияларни жиҳозлаш учун ускуналари, 3-павильонда фармацевтика саноати учун ускуналар ва технологиялар, тайёр дори маҳсулотлари ва 4-павильонда эса стоматология амалиёти учун тиббий буюмлар, техникалар, ускуналар тақдим этилмоқда.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА