Хабарингиз бор, 2022 йилнинг 2 декабрида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 3-мажлиси доирасида иккала мамлакат божхона хизмати раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясида божхона хизматлари ваколатхоналарини очиш тўғрисида битим имзолашган эди.

Мазкур битим амалга ошиб, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Россиядаги вакили ўз фаолиятини бошлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг Россиядаги вакили этиб тайинланган Зафар Сангинов ва Россия федерал божхона хизмати раҳбари Руслан Давидов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли жиҳатларини муҳокама қилди. Таҳлилларга кўра, 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йилига 15-20 фоизга ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон ва Россия божхона тизимларида ахборот технологияларининг жадал ривожланиб бораётгани божхона хизматлари ўртасида тенг шерикчилик алоқаларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Натижада, ўзаро савдода ташқи савдо юкларини узлуксиз ва хавфсиз етказиб бериш занжирларини таъминлашга қаратилган лойиҳалар мувафаққиятли амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси вакилининг Россия Федерациясида иш бошлаши божхона хизматлари ўртасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва фаоллаштиришга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида товарлар ва транспорт воситаларининг эркин ўтишига тўсқинлик қиладиган сабабларни баҳолаш, аниқлаш ва жойида бартараф этиш имконини беради.

Ш.Маматуропова, ЎзА