Тошкентда “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Ўмон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.
Ўзбекистон, хусусан, Тошкент шаҳри, Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий алоқалар, маданий алмашинувлар ва бугунги кунда ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун улкан салоҳиятга асосланган минтақалараро боғлиқликнинг янги форматига амалий суръат бағишлайдиган манзилга айланмоқда.
– “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади, – деди Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов. – Мулоқот форматининг Марказий Осиёдаги илк давраси Ўзбекистон заминида бўлиб ўтаётгани, икки стратегик муҳим минтақа – Марказий Осиё ва Кўрфаз ўртасидаги шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳамжиҳатлигимиз ва қатъиятимизнинг яққол тасдиғидир. Бу энг аввало, ҳамкорлигимизнинг кун тартибини муҳокама қилиш, 2023 йил Жидда шаҳрида бўлиб ўтган биринчи саммитда эришилган келишувларни биргаликда амалга ошириш, халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш учун қулай имкониятдир.
Учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
– “Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашувини ўтказишдан мақсад келгуси йили Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги иккинчи олий даражадаги саммитга тайёргарлик кўришдан иборат, – деди Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасим бин Муҳаммад ал-Будайвий. – Яъни бўлажак йиғилиш яна бир муваффақиятли саммитга пойдевор қўйиш вазифасини ўтамоқда. Яна бир муҳим жиҳати, Кўрфаз араб мамлакатлари Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро яхши муносабатда эканлигидир.
Тошкент учрашуви шубҳасиз, томонлар бир-бирининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш йўлидаги навбатдаги қадам бўлиб, жадал ривожланаётган икки минтақа давлатлари ўртасидаги ўзаро тушуниш, ишончли мулоқот ва тенг ҳуқуқли шериклик платформасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Вазирлар долзарб халқаро ва минтақавий масалалар, хусусан, Афғонистон, Яқин Шарқдаги вазият ва бошқа бир қатор мавзулар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашди.
Йиғилиш якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди ва оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил этилди.
ЎзА