15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни
Пойтахтимизда 15 апрель – Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирга санъатнинг турли йўналишларида ижод қилаётган ҳамюртларимиз, соҳа вакиллари таклиф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов янгиланиш жараёнлари жадал кечаётган Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳаси ривожига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлаб, иштирокчиларни қутлади.
Эътироф этилганидек, маданий хизмат кўрсатиш кўламини тобора кенгайтириш ва юксалтириш, миллий санъатимизни жаҳонга тарғиб этиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодкор зиёлилар учун зарур барча шароит ва имкониятларни яратиш борасида янги ташаббуслар ҳаётга жорий этилмоқда. Соҳага доир миллий конунчилик муттасил такомиллаштирилмоқда. Мақом, бахшичилик, аския санъати бўйича марказлар ташкил этилди. Санъатнинг ушбу бетакрор ва қадимий турлари бўйича халқаро фестиваллар муваффақиятли ташкил этилмоқда. Буюк алломаларимиз ҳақида фильмлар яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Тошкент халқаро кинофестивали чорак асрдан сўнг қайта тикланди. Бугунги кунда маданият соҳасида 40 мингдан ортиқ ходим самарали фаолият олиб бориб, тизим ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 22 декабрдаги Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида тизим олдидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.
– Мана уч йилдирки, мамлакатимизда маданият ва санъат ходимлари куни кенг нишонланиб келмоқда, – деди Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков. – Давлатимиз раҳбари ҳар қандай эзгу таклиф ва ташаббусларимизни фаол қўллаб-қувватламоқда. Ҳали халқимиз олдида қарзимиз кўп. Бугун инсон руҳияти, тафаккури, қадриятларга таҳдид кучайган бир мураккаб даврда маданият ва санъат аҳли қалб, қадриятлар, тафаккур ҳимоячилари бўлиб майдонга чиқишлари зарур. Зеро, маънавий барқарорликни таъминлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, аҳолига юксак маданий хизмат кўрсатиш, номоддий маданий меросни авайлашда ҳали бажарилажак ишларимиз кўп. Шундагина юртдошларимиз маданий-маърифий жабҳалардаги ислоҳотлар натижадорлигини амалда ҳис этадилар.
Тадбир давомида маданият ва санъат аҳлининг катта гуруҳи, “Маданият вазири кубоги учун” анъанавий спорт мусобақасининг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди.
Тантанали тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида ёрқин ва бетакрор концерт дастури мухлислар эътиборига ҳавола этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири