Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманлараро судининг 2023 йил 7 ноябрдаги ижро ҳужжатига асосан, фуқаро С.Муратовни Шуманай тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимидаги олдинги иш ўрнига тенглаштирилган ўринга тиклаш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини ижро этиш тӯғрисида”ги қонун талабига мувофиқ, ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш ҳақидаги судларнинг ижро ҳужжатлари Бюро органларига тақдим этилмасдан аввал иш берувчи ташкилотга топширилиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Шу сабабли фуқаро С.Муратов суд ҳужжатининг ижросини таъминлаб беришни сўраб, Шуманай тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига топширган.

Мазкур бўлим суд қарори ижросини таъминламаганидан сўнг фуқаро Бюронинг Шуманай туман бўлимига мурожаат қилган ва ижро ҳаракатларига киришилган.

Бўлим давлат ижрочиси Шуманай тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғига ҳужжат ижроси таъминланиши лозимлиги, унинг ижросини таъминламаслик оқибати ҳақида огоҳлантириш берган. Шундан сўнг туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғининг 2024 йил 8 апрелдаги буйруғига асосан, фуқаро С.Муратов ўзининг аввалги иш ўрнига тенглаштирилган лавозимга ишга тикланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири