Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши ҳамда бошқа давлат ва жамоат ташкилотларининг 2024 йилги қўшма қарорига асосан, мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларидаги “Ватан таянчи” отрядларига аъзо бўлган битирувчи синф ўқувчилари ўртасида мудофаа вазирининг кубоги учун ўтказилаётган “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақаси ёшларда ҳарбийликка ҳавас уйғотиб, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ҳисса қўшмоқда.
Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида ўтказилган мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи 17 та шаҳар ва тумандан энг сара жамоаларни саралаб берди.
Мусобақанинг очилиш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари, полковник Дилшод Илҳомов ва бошқалар сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчиларига зафар ёр бўлишини тилади.
Ўқувчи-ёшларни ҳарбий-амалий спорт мусобақаларига кенг жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ўзаро маданий-спорт алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда ёшларни спорт ўйинларига оммавий тарзда жалб этиш, соғлом турмуш тарзини одат қилишга ўргатиш, руҳан ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни тарбиялашга қаратилган ушбу мусобақа тўрт йил ичида ёшлар орасида оммалашиб, минглаб ихлосмандларни йиғишга улгурди.
Мусобақа низомига кўра, ҳар бир жамоадан 7 нафар ўғил ва 3 нафар қиз бола иштирок этишига рухсат берилган. Ҳарбий-спорт мусобақасининг “Моҳир мерган”, “Турникда тортилиш”, “Ҳарбийлаштирилган эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Сафда қўшиқ айтиш”, “Амир Темур тузуклари билимдони” шартларида, шунингдек, “Ватан таянчи юлдузлари” деб номланган янги шартда иштирокчиларнинг маҳорати, билими, хатти-ҳаракати баҳолаб борилди.
Мусобақа шартларида алоҳида кўрсаткичларга эришган ўқувчи-ёшлар ва жамоалар “Энг кучли спортчи”, “Амир Темур тузуклари билимдони”, “Энг яхши мерган” ва “Энг яхши ижрочи” каби бир қатор номинациялар бўйича мукофотланди.
Барча шартлар бўйича юқори натижа кўрсатган Қораўзак туманининг “Темурийлар” жамоаси учинчи, Кегейли туманидан келган “Лочин” жамоаси иккинчи, мусобақанинг ўтган йилги ғолиби Қонликўл туманининг “Лочинлар” жамоаси биринчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан кубок, медаль, дипломлар, фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мусобақада ғалаба қозонган Қонликўл тумани жамоаси Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири кубоги мусобақасининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари