Педагоглар аттестациядан ўтмоқда

2024 йил 1 январдан бошлаб тизим ўқитувчиларига тоифа бериш жараёни бевосита Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда.
Бунда педагогларни аттестациядан ўтказиш учун вазирлик томонидан янги тизим яратилди ҳамда малака тоифасини бериш амалиёти такомиллаштирилиб, инсон омилисиз ўтказиладиган янги тизим жорий қилинди.

2023 йил 5-7 декабрь кунлари ўқитувчилар билим даражаси паст бўлган 20 та туман (шаҳар)да фаолият олиб бораётган педагоглар иштирокида малака тоифалари беришнинг мазкур янги тизими тажриба-синовдан ўтказилди. Унда 4 минг 123 нафар педагог иштирок этди.
Жорий йилнинг апрель-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган синов жараёнлари мамлакатимиз миқёсида 2024 йил 15 апрель куни бошланди ҳамда май ойининг якунига қадар давом этади.

Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти таълим муассасалари педагоглари иштирокидаги аттестация синовлари пойтахтимизда жойлашган Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий марказида ташкил этилмоқда.
Амалиётга жорий этилган янги тизим асосида малака тоифасини олиш синовлари икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда – педагогнинг мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражаси баҳоланади. Бунда педагогларга мутахассислик фани бўйича 35 та ҳамда касбий стандартларига оид 5 та тест саволлари берилади.
Иккинчи босқичда педагогик маҳорати баҳоланади. Бунда педагогик маҳоратни аниқлаш мақсадида 10 та савол-топшириқ берилади.
Ҳар иккала босқич ҳам компьютерда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади. Бунинг натижасида ташқи аралашувнинг олди олиниб, инсон омили аралашувига барҳам берилади.
Н.Усмонова,
ЎзА