Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилаётган жарималар кутилган натижани беряптими?

Афсуски, юртимизда йўл-транспорт ҳодисалари йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар қўлланиляпти, бироқ натижа кутилганидек эмас. Бу кўпчиликни ўйлантириб, қийнаб келаётган долзарб муаммолардан биридир.
Хўш, ушбу муаммонинг ечими борми? Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун қўлланилаётган жазо чоралари самара беряптими? Улар йўл-транспорт ҳодисалари статистикасига қандай таъсир кўрсатмоқда? Тошкент давлат транспорт университети профессори Анвар Назаров билан ана шулар хусусида суҳбатлашдик.
– Йўлларимиздаги йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ бўлган вазият ижобий томонга ўзгармаяпти, – дейди Анвар Назаров. – Бир сўз билан айтганда, йўлларимизда йўл ҳаракати қоидаларини бузаётган қоидабузарларга қўлланилаётган жавобгарлик самараси биз кутгандек бўлмаяпти. Буни қуйидаги таҳлиллардан кўришимиз мумкин.
Маълумотларга кўра, 2023 йилда республикамиз йўлларида 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 2282 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 9209 нафар фуқаро жароҳатланган. Жами 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган. Жумладан, 13 миллиондан кўп қўпол қоидабузарлик, 42 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 300 мингдан ортиқ пиёдалар томонидан содир этилган қоидабузарликлар қайд этилган. Бунинг асосий сабаби сифатида автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмагани сабаб қилиб кўрсатилган. Бу фикрга тўлиқ қўшилмасдан илож йўқ, чунки йўл ҳаракати жараёнидаги нормал вазиятни издан чиқариб, турли хавф-хатарларни вужудга келтираётган қоидабузарларга нисбатан қўлланилаётган чоралар ўзининг максимал таъсирини кўрсатмас экан, бу борада ижобий натижаларга эришиш қийин бўлади.
– Болаларнинг йўл-транспорт ҳодисалари натижасида ҳалок бўлиши ёки тан жароҳати олиши – мудҳиш воқеа. Ўтган йилда мактаблар, боғчалар олдида ҳаракат тезлиги 30 км/соатгача чекланди. Мактабларда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тадбирлар кучайтирилди. Бу йўналишда кўплаб профилактик тадбирлар амалга оширилди. Аммо шундай бўлсада, нима сабабдан болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларини сезиларли даражада камайтиришга эришиб бўлмаяпти? Бу масалада фикрингиз қандай?
– Энг ачинарлиси, 2023 йилда болалар билан боғлиқ 1794 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 1 568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган. Гарчи, бу йўл-транспорт ҳодисаларининг қайси бирларида болалар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузилиш ҳолатлари қайд этилган бўлсада, биз болаларни йўл-транспорт ҳодисаларида айбдор дейишга маънан ҳақимиз йўқ. Автомобиль йўлларида уларнинг ҳаракатланиш жараёнидаги хавфсизлигини таъминлаш учун биз катталар масъулмиз ва бу йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бизнинг вазифамиз ҳисобланади.
Йўл-транспорт ҳодисаларида болаларнинг ҳалок бўлиши ёки тан жароҳати олиб, соғлиғини йўқотиши, бу ота-она учун тасаввур қилиб бўлмайдиган фожиадир. Бу фожиа оила ҳаётини бутунлай издан чиқариб юборади ва ота-она учун бутун умри давомида тўғрилаб бўлмайдиган вазиятни вужудга келтиради.
Энди мактаблар яқинидан ўтган жойларда ҳаракат тезлигини 30 км/соатгача чекланиши масаласига келсак, тўғри бу чекловлар киритилди, лекин улар ҳам етарлича самара бера олмаяпти. Яқинда ижтимоий тармоқларда шу ҳудудларга фото ва видео қайд этиш қурилмалари ўрнатилиши ва улар орқали қоидабузарликлар қайд этилиши тўғрисида хабарлар тарқалди. Бу жуда тўғри таклиф, лекин масаланинг иккинчи томонига қарайлик. Мактаблар яқинидан ўтган автомобиль йўлларида хавф-хатарлар ўқув машғулотлари бошланишидан олдин, танаффус ва ўқув машғулотлари тугаган пайтларида вужудга келади, йўл белгиси эса бутун сутка давомида таъсир қилади. Бошқача айтганда, мактаблар яқинидан ўтган йўлларга ўрнатилган тезликни чекловчи йўл белгилари доимий равишда ҳатто дам олиш кунлари ва ўқувчиларнинг таътил даврида ҳам таъсир кўрсатади. Йўлнинг бу участкаси орқали мактабларда машғулотлар бошлангандан ёки тугагандан кейин ҳаракатланаётган ҳайдовчи ҳеч қандай хавф-хатарни кўрмайди ва йўл белгисига бўлган ишончи йўқолади, маълум вақтдан кейин у мазкур йўл белгиси талабаларини бажармай қўяди. Фото ва видео қайд этиш қурилмаларининг ўрнатилиши вазиятни ўзгартиради ва у сутка давомида барча транспорт воситаларининг чекланган тезлик билан ҳаракатланишига мажбур қилади. Натижада мактабда ўқув машғулотлари пайтида, яъни ўқувчилар хоналарда ўтирган вақтларда ва дам олиш кунлари ҳамда таътил даврида ҳеч қандай хавф-хатар бўлмаган пайтларда ҳам транспорт воситалари белгиланган тезликда ҳаракатланиб тирбандликларни вужудга келтиради, мактаблар атрофида атмосфера ҳавоси ифлосланишини кучайтиради. Бу муаммони ҳал этиш учун кўп позицияли йўл белгиларидан фойдаланиш зарур. Шунда белги фақат ўқувчилар мактабга келиш ва кетиш пайтларида тезликни чеклайди, бошқа пайтларда транспорт воситалари мазкур йўлда умумий ўрнатилган тезлик билан ҳаракатланади.
– Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш ёки қандайдир бошқа ташкилий масалалар кўрилиши керакми?
– Албатта, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликнинг таъсирини кучайтирмас эканмиз йўлларимизда содир этилаётган йўл-транспорт ҳодисалари статистикасида ижобий ўзгаришлар бўлмаслиги аниқ. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни оширишдан олдин, йўлларимизда ҳаракатни ташкил этиш билан боғлиқ қатор муаммоларни ҳал этиш зарур. Энг аввало, йўлларимизнинг сифатини ошириш даркор. Бундан кейин йўл ҳаракатини ташкил этиш масаласига эътиборни кучайтиришимиз лозим. Бунинг учун Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича ташкилий тузилмалар ташкил этиш керак. Модомики, бу бўлим шу ҳудудда йўл ҳаракатини ташкил этиш учун масъул ташкилот сифатида фаолият кўрсатиши лозим. Айни пайтда бу вазифани бир нечта ташкилот бажаради. Ички ишлар вазирлиги жамоат хавфсизлиги департаментининг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида фақат назорат функциясини қолдириш керак. Энг асосийси, мазкур бўлимга ишга фақат шу соҳа мутахассисларини жалб этиш керак. Чунки йўл ҳаракатини ташкил этиш мураккаб бўлиб, кўплаб омилларни ўзида мужассам этади. Номутахассис ходимлар томонидан бу муаммони ҳал этишга уриниш қандай оқибатларга олиб келганини ўзимиз гувоҳи бўлиб турибмиз. Шу билан бир қаторда йўл ҳаракатини ташкил этиш билан боғлиқ лойиҳалар шу соҳанинг мутахассис-экспертлари томонидан кўриб чиқилиб, ижобий хулоса берилганда амалиётга жорий этилиши қатъий белгиланиши лозим.
– Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиш ҳолатларини қайд этиш тизимида йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисида кейинги-пайтларда ижтимоий тармоқларда кўплаб ҳолатлар келтирилмоқда. Бунга муносабатингиз қандай?
– Дарҳақиқат, кейинги пайтда фото ва видео қайд этиш қурилмалари ўрнатилиши ва улар орқали йўл қўйилаётган кўплаб ноқонуний ҳолатлар тўғрисидаги хабарлар учрамоқда. Тан олиш керак, уларнинг айримларида йўл ҳаракати иштирокчиларининг эътирозлари ўринли. Айрим ҳолларда тадбиркорлар кўпроқ фойда олиш мақсадида фото ва видео қайд этиш қурилмаларидан нотўғри фойдаланишмоқда. Бошқача айтганда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши ҳолатларини кўпроқ қайд этиш мақсадида йўлларда сунъий равишда ҳам бунга шароит яратмоқда. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда тарқалган босиш мумкин бўлмаган сидирға чизиқ ёнига автотранспорт воситаларини уни босишга мажбур қиладиган ҳолда тўхтатиб қўйиб, қоидабузарликни аниқлаётган тадбиркорлар ҳақидаги видеолавҳаларни кўпчилик кўрган бўлса керак…
Йўл ҳаракати қоидаларининг 91-моддаси 7-қисмига асосан тўхтаган транспорт воситаси билан бўйлама сидирға чизиқ (қатнов қисмининг четини белгиловчи чизиқдан ташқари), ажратувчи минтақа ёки қатнов қисмининг қарама-қарши чети орасидаги масофа 3 метрдан кам бўлган жойларда тўхташ тақиқланади. Бундай ҳолатда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими мажбуран бўйлама сидирға чизиқни босган ҳайдовчига нисбатан маъмурий жазо чорасини қўлламасдан, балки тўхташ қоидасини бузган ҳайдовчига нисбатан қўллаши керак.
– Ҳайдовчилар томонидан йўллардаги турли носозликлар туфайли йўл ҳаракати қоидаларини мажбуран бузиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзан шу каби ҳолатларда ҳайдовчи айбдор бўлиб қолади. Бундай ҳолатда ҳайдовчи қандай йўл тутиши керак?
– Йўл қопламасининг ҳолати бузуқ бўлгани сабабли уни айланиб ўтмоқчи бўлган ҳайдовчи чорраҳага яқин жойдаги сидирға чизиқни мажбуран босиб ўтиши ва бунинг учун жаримага тортилиши ҳолатлари ҳам йўқ эмас.
Йўл ҳаракати тўғрисидаги қонуннинг 10-моддасида Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати йўлларда йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига имкон берувчи вазият юзага келганда камчиликларни бартараф этиш тўғрисида тегишли хизматга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши, мазкур ёзма тақдимномаларни бажариш чоралари кўрилмаган тақдирда маъмурий жазолар қўллаши таъкидланган. Тегишли хизмат томонидан ушбу камчиликлар бартараф этилиб, ҳайдовчига йўлларда эркин ва монеликсиз ҳаракатланиш шароити таъминланиши керак. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўлларда ҳаракатланишнинг хавфсиз шарт-шароитларига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланади.
Йўл қопламасида камчиликлар юзага келганда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан назорат камераси ўчириб қўйилиши ёки чизиқни босиб ўтиш қоидабузарлик сифатида эътироф қилинмаслиги лозим.
– Йўл ҳаракати қоидаларининг ўзида ҳам йўл ҳаракати қатнашчилари учун тушунарсиз бўлган ҳолатлар мавжудми?
– Бор, албатта. Бир тушунарсиз ҳолат сифатида Йўл ҳаракати қоидаларининг 78-моддасида қайд этилган вазиятни кўришимиз мумкин. Масалан, ушбу модданинг биринчи банди талабларига кўра, аҳоли яшаш пунктларида ҳаракат тезлиги соатига 70 километрдан ошмаслиги таъкидлаб ўтилган. Айнан шу модданинг иккинчи бандида Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек, шаҳарлар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 60 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади, деб таъкидланган.
5.22 «Аҳоли яшаш пунктлари бошланиши» йўл белгиси аҳоли пунктларида ҳаракатланиш тартибини белгиловчи талабларига амал қилинадиган жойларнинг номи ҳамда унинг бошланишини билдиради. Шаҳар ва туман марказларининг бошланишини билдирувчи алоҳида йўл белгиси йўқ. Асосан йўл белгилари йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари учун мўлжалланган. Маҳаллий аҳолидан ташқари транзит ҳайдовчилар 5.22 «Аҳоли яшаш пунктлари бошланиши» йўл белгиси билан ҳаракатланиш тезлиги ўрнатилган жой вилоятлар ва туманларнинг марказлари ёки шаҳар худди эканлигини билмайди. Натижада у ҳаракатланиш тезлигини йўл ҳаракати қоидаларининг 78-моддаси биринчи банди бўйича, яъни соатига 70 километргача бўлган ҳолда танлайди. Бу эса унинг автотранспорт воситаси тезлиги фото ва видео қайд этиш қурилмалари орқали қайд этилиб, маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкин.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА