Ватанга қасамёд – ҳар бир йигитнинг тантанали ваъдаси

380

Ватанга қасамёд юртимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни адо этишга бел боғлаган ҳар бир йигитнинг тантанали ваъдаси саналади. Шунингдек, бу қасамёд Ватан ҳимояси йўлидаги масъулиятли ва шарафли вазифани ўзида мужассам этган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, Қуролли Кучлар сафига кирган ёш ҳарбий хизматчининг ҳаётидаги унутилмас кун.

Шу кунларда республикамиз бўйлаб Миллий гвардия ҳарбий қисм ва муассасаларига 2024 йилда янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимларига бағишланган тантанали тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда бўлиб ўтган тадбирларда ёш аскарлар қасамёдда битилган муқаддас сўзларни тилга олиб, Ўзбекистон халқига ва Президентига садоқатли бўлишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини сўзсиз ва виждонан бажаришга, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга тантанали равишда ваъда бердилар.

Тадбирда ҳар бир ёш муддатли ҳарбий хизматчиларга Президент совғаси, китоблар жамланмаси тантанали равишда топширилди.

Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда бўлиб ўтган тантанали тадбирда Миллий гвардия қўмондони, генерал-майор Рустам Жўраев Ватанга қасамёд қабул қилган барча ёш аскарларни ҳамда уларнинг яқинларини самимий муборакбод этди.

Миллий гвардия бўлинмаларида муддатли ҳарбий хизмат ўташ учун киришаётган ёш ўғлонлар бир йил қисқа вақт бўлсада, ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланган ҳолда командирлар томонидан бериладиган ҳарбий билим ва кўникмаларни мустаҳкам эгаллаб, давлатимиз раҳбари томонидан Миллий гвардияга билдирилган ишончни оқлади, вазифаларни сидқидилдан бажарди.

Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар халқимиз тинчлиги ва осойишталигини, жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлашдек шарафли ва масъулиятли вазифага отланаётган ўғлонларимизга омад тилади.

Ёш аскарларнинг қурол билан тактик ҳаракатларни амалга ошириши, “қўл жанги” усуллари, “Фахрий қоровул” саф элементларини ўзида мужассам этган кўргазмали чиқишлари барчани бирдек ҳайратда қолдирди. Ўз фарзандларининг йигитлик бурчини адо этишга киришганини кўрган ота-оналар қалблари фахр-ифтихорга тўлди.

Маросим сўнгида ҳарбий оркестр ижросидаги мусиқали чиқишлар ва Миллий гвардия ансамбли санъаткорларининг Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари барчага бирдек байрамона кайфият улашди.

 

Н.Раҳмонова,  

ЎзА