Халқаро анжуман

Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари фаровонлигини реал оширишга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди.
Душанбе шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти ва Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон ва Тожикистон: стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг янги истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Тадбирда Тожикистон вазирлик ва идоралари вакиллари, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги, Тожикистон Миллий фанлар академияси, Мажлиси Намояндагон, Мажлиси Оли, Савдо-саноат палатаси ва Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат бошқаруви академияси раҳбарияти иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё халқаро институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази, Истиқболли халқаро тадқиқотлар институти ва Макроиқтисодий ва минтақавий тадқиқотлар институти экспертлари қатнашди.
Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Хайриддин Усмонзода бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро манфаатли ҳамкорликка содиқлигини аниқ ҳаракатлар билан тасдиқлаётганини таъкидлади.

– Дунёдаги иқтисодий нотинчликка қарамай, мамлакатларимиз бир-бирига кенг очилиб, ҳамкорлик дивидендларини баҳам кўрмоқда, одамлар ўртасидаги алмашинувни рағбатлантирмоқда ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда, – деди СТМ директори Хайриддин Усмонзода.
Ўз навбатида, Тожикистон ТИВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Содиқ Имоми қардош Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш Тожикистон ташқи сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири эканини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕХҲТ, ИҲТ ва бошқа ташкилотларда изчил ривожланмоқда.
– Умумий ғоялар ва лойиҳалар илгари сурилган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари бутун минтақа манфаатлари йўлида кўп томонлама ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган, – дея қўшимча қилди С. Имоми.

Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобовнинг таъкидлашича, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида мисли кўрилмаган юксалиш кузатилмоқда ва бу 2017 йилдан буён Ўзбекистон раҳбари томонидан фаол тарғиб қилинаётган яхши қўшничилик сиёсатининг бевосита натижаси бўлди.
– Биргаликдаги саъй-ҳаракатларни тубдан қайта шакллантириш, ўзаро очиқликка ўтиш ва ишончни мустаҳкамлаш, динамик амалий ҳамкорлик ва кенг гуманитар алмашинувни ўрнатишга муваффақ бўлинди, – деди МОХИ директори. – Бунда давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган шахсий дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч муносабатлари муҳим роль ўйнайди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари фақат икки томонлама масалалар билан чекланиб қолмай, балки минтақавий ва халқаро кун тартибидаги асосий муаммолар бўйича ҳамкорликни ҳам ўз ичига олади.

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, тенглик асосида минтақавий муаммоларни ҳал этиш, манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш ва оқилона муросалар излаш, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётгани айтилди.
Шунингдек, Осиё ва Европа мамлакатлари муаммоларини ўрганиш институти директори Рустам Ҳайдарзода ҳам Ўзбекистон раҳбарининг Тожикистон билан икки томонлама муносабатни мустаҳкамлашдаги ролини юқори баҳолади.
–Ўзбекистон Президенти дунёдаги энг машҳур сиёсий лидерлардан ҳисобланади, чунки айнан Шавкат Мирзиёев туфайли муносабатларимизда ва умуман, минтақада ижобий ўзгаришларга эришилди, бу эса жаҳон матбуотида «Берлин деворининг қулаши» билан таққосланди,– деди Рустам Ҳайдарзода.
Конференция иштирокчилари ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликка ҳам тўхталди. Хусусан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори ўринбосари Муҳсинжон Холмуҳамедов мамлакат раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракати туфайли 2023 йилда икки томонлама савдо ҳажми 2017 йилга нисбатан 3 баробардан ошиб, 756,7 миллион долларни ташкил этганини маълум қилди. У, шунингдек, эркин савдо режимининг ўрнатилиши ушбу кўрсаткични энг яқин вақт ичида 1 миллиард долларга етказишга имкон беришини таъкидлади.

Ўз навбатида, СТМ директорининг ўринбосари Саодат Жўрахонзода мамлакатлар ўртасидаги чегараларнинг очилиши аҳоли бандлиги даражасига ижобий таъсир кўрсатаётганини қайд этди. Яъни, чегара ҳудудларида хусусий транспорт бизнесини ривожлантиришга ёрдам берганига эътибор қаратди.
Экспертлар, қолаверса, икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, енгил саноат, транспорт, рақамлаштириш, халқаро иқтисодий йўлакларни шакллантириш, чегара ҳудудларида савдо-саноат зоналарини ташкил этиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори бўлди.
Шу билан бирга, халқ дипломатиясини кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Анжуман якунида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича янги ўсиш нуқталарини аниқлашга кўмаклашадиган ҳамда икки қардош халқ фаровонлигини реал оширишга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА