Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари В.Ниязимбетов марказдан 240 километрдан ортиқ узоқликда жойлашган “Чуқурқоқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг ҳолидан хабар олди.

Ташриф давомида маҳаллада истиқомат қилаётган 800 нафарга яқин аҳолини Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этди ва уларнинг мурожаатлари билан танишиш мақсадида сайёр қабул ўтказди.

Аҳоли билан ўтказилган учрашувда секторлар, алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, муассасалар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этди.

Сўнгги йилларда Чуқурқоқ маҳалласида кўпгина ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, ҳудудда савдо ярмаркаси доимий ташкил қилиниб келинмоқда. Ҳудуддаги кам таъминланган 6 та хонадонга,  мактабгача таълим муассасаси, овул шифокорлик пунктига,  сув тозаловчи ЭКОС ташкилоти учун қуёш панеллари ўрнатиб берилди. Туман марказига қатнаш учун автобус муаммоси ижобий ҳал этилиб, ҳафтасига бир марта қатнов йўлга қўйилди.

Шунингдек, болалар учун янги “Workout” майдончаси қуриб битказилди. Кадастр ҳужжатлари йўқ бўлган хонадон эгаларига ҳужжатлари расмийлаштириб берилди. Ички йўлларни таъмирлаш бўйича ишлар амалга оширилди.  Шунингдек, фуқаролар мурожаати асосида янги мактаб фойдаланишга топширилди. Бу галги учрашувда ҳам яна бир нечта фуқаронинг мурожаатлари жойида ҳал этилди.

Бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар натижасида фуқароларнинг турмуш фаровонлиги ошиб бормоқда.

Туман ҳокими маҳаллага ташрифи давомида ҳудуддаги 33-сонли умумтаълим мактабида ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ўқув хоналарини кўздан кечириб, кўрсатмалар берди. Мактаб ўқувчиларига китоблар ва спорт анжомлари совға қилинди. Шу билан бирга, умумтаълим мактаби олдига “Яшил макон”  умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали кўчатлар экилди.

Туман ҳокими ҳудуддаги ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларига ногиронлик аравачаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширди. Шунингдек, ҳудуддаги аҳолига ичимлик сувини етказиб берувчи ЭКОСни бориб кўрди.

Албатта, ўзларига кўрсатилаётган бундай эътибордан “Чуқурқоқ”да истиқомат қилаётган инсонларнинг кўнгиллари кўтарилиб, давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этди, десак муболаға бўлмайди.

Эзгуликка йўғрилган мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга, барчани савоб ишлар сари ундамоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири