Германия Бундеслигасининг 29-турида «Байер» ўз майдонида «Вердер» жамоасини қабул қилди ва 5:0 ҳисобида енгди. Учрашувда Бонифейс ва Жака биттадан Вирц эса учта гол уришга муяссар бўлди. 42 ёшли Хаби Алонсо «Байер» жамоасини Бундеслига мавсуми якунланишига беш тур қолганда чемпионга айлантирди.

«Бавария» ва «Штутгарт» ҳам чемпионлик унвонига даъвогарлик қилиши мумкин эди. Бироқ энди «Байер»нинг рақиблари етакчига етиб олиш имкониятини йўқотди. «Байер» турнир жадвалида ҳар икки рақибдан 16 очкога олдинга ўтиб кетди. Шу тариқа, Леверкузен клуби ўз тарихида илк бор мамлакат чемпионига айланди. Ушбу жамоа аввал Бундеслигада 5 марта мавсум якунида иккинчи ўринни эгаллаган. Аниқроғи, 1997, 1999, 2000, 2002 ва 2011 йилларда бунга эришган.

Хаби Алонсо

Шунингдек, “Байер” лига тарихида 29 турда мағлуб бўлмаган биринчи жамоа бўлди. Бунга қадар 2013/14 йилги мавсумда “Бавария” чемпионат бошидан буён 28 ўйинни мағлубиятсиз ўтказа олган эди. Барча турнирлар ҳисобга олинса, Хаби Алонсо шогирдларининг жорий мавсумдаги мағлубиятсиз серияси жами 43 тага етди.

Хаби Алонсо учун бу натижа мураббийлик фаолиятидаги илк соврин бўлади. Мураббий футболчилик фаолиятида “Реал Сосьедад”, “Эйбар”, “Ливерпуль”, “Реал Мадрид” ва “Бавария”да ўйнаган. Клублар миқёсида у 15 та соврин, шу жумладан иккита Чемпионлар лигасини қўлга киритган. Терма жамоа сафида эса 2003 йилдан 2014 йилгача ўйнаган ва учта совринга эга чиққан. Яъни, «Евро-2008», «ЖЧ-2010» ва «Евро-2012»да ғолиб бўлган.

Испаниялик мутахассис Хаби Алонсо «Байер»ни чемпион қилиш учун 557 кун сарфлади. У жамоани 2022 йил 5 октябрида қабул қилиб олган. Ўшанда «Байер» турнир жадвалида 17-ўринда бораётган эди. Ўзгача ўйин услубига эга бўлган Хаби жамоани 2022/23 йилги мавсумда 6-ўринга олиб чиқди. Алонсо бу йил чемпионат якунига беш тур қолганда жамоани чемпионга айлантирди.

Дарвоқе, «Байер» 2013 йилдан бери Германия чемпиони бўлиб келаётган «Бавария»ни тахтдан туширди. Шунингдек, Флориан Вирц жамоасига чемпионлик келтирган ўйинда хет-трик қайд этган илк футболчи бўлди. Умуман олганда, Вирц жорий мавсумда 29 ўйинда 11 гол урди ва 10 голга ассистентлик қилди.

*** 

Италия чемпионатининг 32-туридан ўрин олган «Интер» — «Каляри» учрашуви 2:2 ҳисобида якунланди. Унда терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродов рақиб дарвозасини ишғол қилди. Шу тариқа, Элдор Италия «А» сериясидаги голларини 3 тага етказиб олди. Унинг ҳисобида 3 та голли узатма ҳам мавжуд.

*** 

Ўзбекистон кубогининг 1-турида «Бунёдкор» ўз майдонида «Шўртан» жамоаси билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. «Насаф» эса ўз майдонида «Навбаҳор»га 0:1 ҳисобида енгилди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА