Эртага Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Эроннинг Исроилга ҳужуми ортидан Яқин Шарқдаги кескинликни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказади. Бу ҳақда блок ташқи сиёсат департаменти раҳбари Жозеп Боррель маълум қилди, дея хабар бермоқда  “Kazinform” ахборот агентлиги.

– Эроннинг Исроилга қилган ҳужумидан сўнг дарҳол Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларини фавқулодда йиғилишга чақирдим, – деди Боррель.  — Мақсадимиз минтақада кескинликни пасайтириш ва хавфсизликка кўмаклашишдир. Европа Иттифоқи Эроннинг учувчисиз самолётлар ва ракеталар ёрдамида Исроилга ҳужумларини кескин қоралайди. Бу мисли кўрилмаган кескинлик ва минтақавий хавфсизликка таҳдиддир. Европа Иттифоқи Исроил хавфсизлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ушбу ўта кескин минтақавий вазиятда янада кескинлашув ҳеч кимга фойда келтира олмайди. Биз барча томонларни максимал даражада вазминликка чақирамиз.

Эслатиб ўтамиз, шанба куни кечқурун Эрон ўз ҳудудидан Исроил томонга учувчисиз учоқлар ва ракеталарнинг катта тўлқинини ишга туширди, бу Ислом Республикасининг яҳудий давлатига биринчи марта тўғридан-тўғри ҳужуми бўлди.

Якшанба куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича вакили Жозеп Боррель Европа Иттифоқига аъзо давлатлар номидан Эроннинг Исроилга қарши ҳужумларини кескин қоралади.

ЎзА