“All Clear Travel Insurance” саёҳат суғуртаси бўйича экспертлар маълумотларига кўра, Дубай халқаро аэропорти дунёдаги 1800 дан ортиқ аэропортлар орасида “Энг ҳашаматли аэропорт” деб топилди. Ундан кейин Лондоннинг “Heathrow” аэропорти, кучли учликни Қатардаги “Hamad” халқаро аэропорти якунлайди.

Хориж оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, рейтингни тузиш учун дунёнинг 1800 дан ортиқ аэропортлари таҳлил қилинди. Натижада Дубай халқаро аэропорти ўзининг яшилликка бурканган боғлари, меҳмонхоналари, бассейни, кинотеатри ва ресторанлари билан фахрли биринчи ўринни эгаллади.

Ҳар бир аэропорт дизайнерлик дўконлари сонидан тортиб, яқин атрофда жойлашган тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар сонигача бўлган бир қанча омиллар бўйича сараланган. Бундан ташқари, аэропортлар йўловчилар учун мавжуд бўлган кутиш заллари сони, юқори сифатли ичимликлари ва мақтовга арзигулик ресторанлари бўйича ҳам баҳоланган.

Маълумот ўрнида, Дубай халқаро аэропорти йилига 90 миллион йўловчига хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, мазкур аэропорт дунёдаги энг тез ривожланаётган авиация марказидир. Ҳатто аэропортнинг ўз ҳудудида беш юлдузли меҳмонхонаси бор.

ЎзА