Юртимизнинг бир гуруҳ травматолог-ортопедлари Беларусь Республикасида бўлиб, Минск шаҳридаги Республика травматология ва ортопедия миллий маркази фаолияти билан танишди.

Ушбу марказ 300 ўринга эга бўлиб, ҳам шошилинч, ҳам режали тиббий ёрдамни амалга оширади. Марказ нафақат Беларусь, балки МДҲ давлатлари ичида етакчи ҳисобланади. Марказда 8 та бўлимнинг ҳар бири ўз операция хонасига эга. Марказда йилига икки мингга яқин бирламчи эндопротезлаш, 300 та реэндопротезлаш, 500 дан ортиқ суяк синишларида турли хилдаги остеосинтезлар ва тос жарроҳлиги амалиётлари бажарилади.

Ушбу марказ ҳамда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унда биргаликда «COVID-19» касаллигининг асорати бўлган суякларнинг асептик некрозини даволашдаги ечимига доир изланишлар олиб боришга келишилди.

Шунингдек, делегация аъзолари «Антимикроб терапия ҳамма учун» халқаро илмий-амалий анжуманида иштирок этди.

Унда Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази олимларининг ҳам маърузалари тингланди. Хусусан, Марказ директори, профессор, тиббиёт фанлари доктори Муроджон Ирисметовнинг «COVID-19″ асоратида юзага келган сон суяги бошчасининг асептик некрозининг диагностикаси ва уни даволаш», мавзуидаги маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

М.Қосимова, ЎзА