Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида футбол бўйича 23 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасида Осиё кубоги бошланди. Мазкур кубок терма жамоалар учун «Париж-2024» Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини ўташи билан муҳим аҳамиятга эга. Мусобақада қитъамизнинг 16 мамлакат терма жамоалари 4 гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро рақобатлашади.
Жорий йилнинг 3 май кунига қадар давом этадиган U23 Осиё кубогининг «А» гуруҳида Қатар, Австралия, Иордания, Индонезия, «Б» гуруҳида Япония, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, «С» гуруҳида Саудия Арабистони, Ироқ, Таиланд ва Тожикистон, «Д» гуруҳида Ўзбекистон, Вьетнам, Қувайт ва Малайзия каби терма жамоалар ўртасида ўйинлар ўтказилади. Мазкур баҳслар «Jassim bin Hamad Stadium», «Khalifa International Stadium», «Abdullah bin Khalifa Stadium» ҳамда «Al Janoub Stadium» каби стадионларда ташкил этилади.
Бугун, 15 апрель куни Осиё кубогида Қатар ва Индонезия, Австралия ҳамда Иордания олимпия терма жамоалари майдонга тушади.
Мазкур мусобақада биз учун аҳамиятлиси шуки, Темур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг илк ўйини 17 апрель куни Малайзия терма жамоасига қарши ўтади. Осиё кубогидаги футболчиларимизнинг иккинчи ўйини 20 апрель куни Қувайт терма жамоаси билан ташкил этилса, Ўзбекистон U23 терма жамоаси гуруҳ босқичидаги Вьетнамга қарши ўтадиган сўнгги ўйини 23 апрель кунига белгиланган ва бу ўйин кубокнинг гуруҳ босқичини якунлайди. Осиё кубогининг 1/4 финал ўйинлари 25-26 апрель, ярим финал баҳслари 29 апрель, 3-ўрин учун баҳс 2 майда ҳамда сўнгги ҳал қилувчи финал беллашуви 3 май куни уюштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё қитъасидан Олимпия ўйинларининг футбол мусобақалари учун тўртта ўрин ажратилган. Аниқроғи, Осиё кубогида кучли учликка кирган терма жамоалар тўғридан-тўғри ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этса, 4-ўриндан жой олган терма жамоа Африка кубогида 4-ўринни эгаллаган Гвинея термаси билан 9 май куни Париж шаҳрида Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун қитъалараро плей-оффда рақобатлашади. Мазкур баҳс ягона ўйиндан иборат бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА