АҚШ, Филиппин ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик келишуви Жанубий Хитой денгизи ва минтақадаги динамикани ўзгартиради, демоқда Филиппин Президенти Фердинанд Маркос.
– Менимча, уч томонлама келишув жуда муҳим, -деди Маркос Вашингтонда АҚШ Президенти Жо Байден ва Япония Бош вазири Фумио Кисида билан ўтказилган саммит якунидан бир кун ўтиб матбуот анжуманида. – Бу ҳаракат Жанубий Хитой денгизи атрофидаги динамикани ўзгартира олади.
Саммит давомида уч давлат лидерлари Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги “хавфли ва тажовузкор хатти-ҳаракати” ҳақида “жиддий хавотир” билдирган.
Маркоснинг айтишича, саммит “ҳеч бир давлатга қарши эмас”, балки Манила, Вашингтон ва Токио ўртасидаги иқтисодий ва хавфсизлик муносабатларини чуқурлаштиришга қаратилган.
Халқаро арбитраж судининг 2016 йил Пекиннинг кенг қамровли даъволари қонуний асосга эга эмас, деб чиқарган қарорига қарамай, Хитой деярли бутун Жанубий Хитой денгизига даъво қилмоқда.
Хитой-Филиппин ўртасидаги зиддиятнинг чуқурлашиши Маркос даврида Қўшма Штатлар билан хавфсизлик бўйича ҳамкорликнинг кучайиши, жумладан, АҚШнинг Филиппин базаларига киришини кенгайтириши ва Манила билан ўзаро қўшинлар шартномасини имзолаши кутилаётган бир вақтга тўғри келмоқда.
Байден Конгрессдан Филиппин базаларидаги инфратузилма лойиҳалари учун қўшимча 128 миллион доллар сўради.
Филиппин Президенти саммитдан кейинги 5-10 йил ичида 100 миллиард долларга яқин инвестиция келишувлари амалга ошишига ишонч билдирди. Шунингдек, у Вашингтонда АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан ҳам учрашди.
– Бу ҳамкорлик бизнинг жамоавий хавфсизлигимиз ва минтақа бўйлаб давом этаётган фаровонлигимиз учун жуда муҳим, -деди Остин Байденнинг мудофаа соҳасидаги ислоҳотларига урғу бериб.
Ў.Алимов, ЎзА