Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга асосланган муҳим қадамлар ташланди. Биргина тарихий факт: 2023 йил Тошкент ва Доҳада элчихоналар очилиши кўплаб соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш суръатига янгича руҳ бағишлади, десак янглишмаймиз.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 1-2 октябрь кунлари Қатарга давлат ташрифи чоғида маданият, туризм, санъат ва ҳунармандчилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қатар Давлати Ҳукумати ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

Мазкур ҳужжат доирасида Қатар Маданият вазирлиги вакиллари ва ўқувчилардан иборат делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.

Тарихий-маданий мерос обектларига ташрифи режалаштирилган меҳмонлар Ўзбекистон Маданият вазирлиги томонидан тантанали кутиб олинди.

Делегация аъзолари маданият вазири Озодбек Назарбеков билан учрашади, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Ҳазрати Имом мажмуаси, Бароқхон мадрасаси, Хўжа Аҳрор валий масжиди, Кўкалдош мадрасасини зиёрат қилади. Чорсу бозори, “Темурийлар тарихи” давлат музейи, Ўзбекистон амалий санъат музейи манзилларига ҳам боради.

15 апрель куни қатарлик меҳмонлар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, хусусан, Улуғбек расадхонаси, Афросиёб музейи, Бибихоним мадрасаси, Регистон мажмуасини зиёрат қилиши режалаштирилган.

Дастурга мувофиқ, 16 апрель куни делегация аъзолари Шаҳидлар хотираси ёдгорлик мажмуаси, Тошкент телеминораси, Тошкент ҳайвонот боғи, “Tashkent city mall” савдо маркази, “Magic city” кўнгилочар маркази, “Миллий боғ” боғда бўлади.

Маданият соҳаси вакиллари бугунги кунда экотуризм зонаси ҳисобланган Бўстонлиқ туманининг кўнгилочар объектлари, дор йўлларига сафар қилиши ҳам кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг Қатарга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар маданий-маърифий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга ҳам йўналтирилган. Хусусан, 2024 йил Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризми ҳафталигини ўтказиш қайд этилган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил февралда Доҳа шаҳрида Ўзбекистон маданияти, ҳунармандлиги ва туризми кунлари ўтказилган эди.

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА