Қабул комиссияси Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзолиги бўйича консенсусга эриша олмади. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Мальтадаги доимий ваколатхонаси “Aнадолу” ахборот агентлигига маълум қилди.
Қайд этилишича, Мальта ушбу масала бўйича ҳисобот тайёрлаб, БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзоларига тақдим этади. Бошқа томондан, Мальтанинг БМТдаги доимий вакили Ванесса Фрейзер журналистларга аъзолик шартлари билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо йўқлигини ва қўмитанинг учдан икки қисми аъзоликни қўллаб-қувватлаганини айтди.
Фаластиннинг БМТдаги доимий кузатувчиси Риёд Мансур БМТ Бош котиби Aнтониу Гутерришга давлатнинг Жаҳон Ташкилотига тўлақонли аъзолиги билан боғлиқ мактуб йўллади.
“Бугун Фаластин раҳбарияти Бош котибга аъзолик ҳақидаги аризани қайта кўриб чиқишни сўраб мактуб йўллади”, дейилади ижтимоий тармоқдаги постда. Хусусан, Мансур мактубда БМТ Хавфсизлик Кенгашидан апрель ойида Фаластиннинг Жаҳон Ташкилотига кириш ҳақидаги аризасини кўриб чиқишни сўраган. Шу билан бирга, Фаластиннинг доимий кузатувчиси сўровни имкон қадар тезроқ БМТ Хавфсизлик Кенгашига топширишни сўради.
Фаластиннинг БМТдаги доимий кузатувчиси Мансур 2022 йил 26 июлда БМТ Хавфсизлик Кенгашига тўлақонли аъзолик бўйича сўзлаган нутқида БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган 2334-резолюцияга мувофиқ Фаластиннинг ҳудудий яхлитлиги БМТ томонидан тан олинганини таъкидлаган эди.
Фаластиннинг БМТдаги айни ҳолати
Ҳозирги кунда Фаластин 193 давлат аъзо бўлган бу йирик ташкилотга “аъзо бўлмаган кузатувчи давлат” мақомига эга.
2012 йилда БМТ Бош Aссамблеяси Фаластиннинг мақомини “кузатувчи ташкилот”дан “аъзо бўлмаган кузатувчи давлат”га ўзгартирганди.
Фаластиннинг БМТга тўлақонли аъзо бўлиши учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг розилиги ва БМТ Бош Aссамблеясининг овози керак.
Маълумот ўрнида: Фаластин 2011 йилда БМТга тўлақонли аъзо бўлиш учун ариза берган, бироқ бу ташаббус БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан етарлича қўллаб-қувватланмаган.
Г.Сатторова, ЎзА