Гонконгда Ўзбекистоннинг туризм ва сармоявий салоҳияти намойиш этилди

308

Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида

Гонконгнинг “Bauhinia” нашрида Ўзбекистон инвестиция, савдо ва туризм форуми бўлиб ўтгани ёритилди.

Мақолада Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси томонидан ХХРнинг йирик молия маркази – Гонконгда ташкил этилган мамлакатимизнинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик имкониятлари тақдимотида Гонконг маъмурияти ва Савдони ривожлантириш кенгаши, минтақадаги 200 га яқин компания, савдо-иқтисодий, туризм ассоциациялари ва банклари вакиллари иштирок этгани баён этилган.

Юртимизнинг Хитойдаги элчиси Фарҳод Арзиев Ўзбекистон билан Хитой ўртасида турли соҳаларда алоқалар борлиги, икки минтақа ҳамкорлиги доирасида Гонконг корхоналари билан иқтисодий ва савдо алоқалалари янада мустаҳкамланишига умид қилиши таъкидланган.

Форумда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инвесторлар учун яратилаётган имкониятлар тақдим этилиб, туризм салоҳияти ва бу борадаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Гонконглик ишбилармонлар Ўзбекистонга ташриф буюришга, хусусан, жорий йил 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган III Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этишга катта қизиқиш билдирди.

Тадбирда сўзга чиққан хитойлик бизнес вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати ва изчил ислоҳотларни юқори баҳоладилар. Уларнинг фикрича, бу ўзгаришлар натижасида мамлакатимизнинг жадал ривожланиши учун янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.

Маълумот ўрнида: Гонконг 7,5 миллион аҳолига эга Хитойнинг энг йирик молиявий марказларидан биридир. 2023 йилда ЯИМ 383 миллиард долларни ташкил этди. Гонконг тўқимачилик, кийим-кечак, электрон қурилмалар, бутловчи қисмлар, соатлар, ўйинчоқлар ва бошқа товарларни экспорт қилиш бўйича дунёдаги етакчи ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда хизматлар соҳаси Гонконг ялпи ички маҳсулотининг 90 фоиздан ортиғини ташкил этади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА