O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ташаббуси билан Чимбой туманидаги “Кенес” ҳамда Кегейли туманидаги “Жанабазар” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида “O’zLiDeP боғи” ташкил қилиниб, ҳудуд иқлимига мос, иссиқ ва совуқ об-ҳаво шароитига чидамли бўлган 5 минг 500 туп мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди.

Кўчат экиб, боғ яратмоқ дунёдаги энг хайрли ва эзгу амаллардан саналади. Азал-азалдан ота боболаримиз ўз хонадонлари томорқасига илк баҳор ёки куз фаслида кўчат экиб, унга йил бўйи эътибор қаратиб, парваришлаб, то ўзини тиклаб олмагунича катта аҳамият қаратиб келган. Ҳаттоки, аждодларимиз ер билан, дарахтлар билан тиллашиб, унга ўз фарзандидек эътибор қаратиб, гўзал боғ-роғларни яратишган. Ушбу қадрият йиллар оша узвий давом этиб, бугун юртимизда умуммиллий ҳаракатга айланди. Ушбу кўчатлар ҳадемай катта бўлиб, ўз сояси ва мевасидан одамларни баҳраманд қилади.

Кўчат экиш ишларида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ходимлари, туман ҳокимликлари мутасаддилари, депутатлар, нуронийлар, партия ҳамда овул фуқаролар йиғинлари фаоллари, ёшлар иштирок этди.

– Кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш миллий қадриятимиздан ҳисобланади,– дейди Кегейли тумани “Жанабазар” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи нуроний  Шернияз Панаев. – Мана бу ишларимизни фарзандларимизга, набираларимизга, келажак авлодларимизга ўргатяпмиз. Ҳали бу боғлардан халқимиз, авлодларимиз баҳраманд бўлиб, бизни дуо қилишади.

– “Яхшидан боғ қолади” деганидек, хайрли ташаббусга биз ҳам  ўз ҳиссамизни қўшаяпмиз, –дейди Халқ депутатлари Нукус шаҳар кенгаши депутати Ақлима Сайпова.–Мана уч йилдирки, мазкур лойиҳа доирасида кенг кўламли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб келинмоқда. Лойиҳа доирасидаги тадбирлар тобора такомиллашиб, кўчат етиштириш ва етказиш, иқлим шароитига мос ниҳолларни экиш ва парваришлаш, суғориш масалаларига ҳар қачонгидан жиддий аҳамият қаратилмоқда. Асосийси, бу каби улуғвор ва эзгу ишларга халқимиз, ёши улуғ нуронийлардан тортиб,  ёш авлод вакилларигача бирдек ҳисса қўшяпти.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири