Душанбе шаҳрида жорий йилнинг 12 апрель куни Марказий Осиё халқаро институти ва Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази ҳамкорлигида “Ўзбекистон ва Тожикистон: стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг янги истиқболлари» мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари жадал ривожланиш босқичига кўтарилди. Сиёсий, савдо-иқтисодий соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар кенгаймоқда.

2017 йилдан буён ўзаро савдо миқдори 3 баравардан зиёдга ошди, яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган.

Бунда албатта, икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч муносабатлари муҳим ўрин тутади.

Бўлажак конференциядан кўзланган асосий мақсад – икки томонлама шерикликни ривожлантиришнинг истиқболини муҳокама қилиш, шунингдек, савдо-саноат, транспорт, экология ва сувдан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.

Тадбирда  икки мамлакатнинг етакчи таҳлилий марказлари ва илмий-тадиқот институтлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этади. Шунингдек, Ўзбекистон делегациясининг Душанбега ташрифи доирасида Ташқи ишлар вазирлиги, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Тожикистон Миллий Фанлар академиясининг Осиё ва Европа мамлакатлари муаммоларини ўрганиш институти (НАНТ)нинг Иқтисодиёт ва демография институтида икки томонлама учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

Анжумандан олдин бўлажак тадбирнинг ташкилий масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Марказий Осиё халқаро институтида Ўзбекистон делегацияси аъзолари билан сайёр учрашув ҳам ташкил этилди.

Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА