Нукус шаҳрида қорақалпоқ классик адабиётининг йирик намоёндаси, улуғ шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли ҳайкали пойига гул қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг профессор-ўқитувчилари, адабиётшунос олимлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Таъкидланганидек, Ажиниёз Қўсибой ўғли қорақалпоқ халқи маънавий дунёсининг бойишига катта ҳисса қўшган буюк шахсдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан шоир таваллудининг 200 йиллиги ЮНЕСКО доирасида халқаро миқёсда нишонланадиган юбилейлар рўйхатига киритилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоқ адабиётининг йирик вакили, буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан тегишли идора ва ташкилотлар томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ёзувчи ва шоирлар, олимлар ёшларга Ажиниёз шоирнинг ҳаёт йўли, ижоди, ижод намуналарининг фақат қорақалпоқ адабиёти эмас, шунинг билан бирга, шарқ халқлари адабиётида тутган ўрни, ижодининг ўзига хос ўзгачаликлари ва унинг ўрганилиши ҳақида маълумот берди.

Оролбўйида шоирнинг 200 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.