Хитой Халқ Республикаси Шинжон-Уйғур мухтор туманида Буюк ипак йўли иқтисодий маконида жойлашган давлатлар оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги семинар ўз ишини бошлади.

Дунёнинг турли минтақаларидаги етакчи медиа ташкилотлари сингари Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги вакили ҳам иштирок этаётган анжуманда жами 40 нафарга яқин сараланган ҳамкасбимиз тўпланган.

Тадбирнинг очилиш маросими Шинжон-Уйғур музофотининг марказий шаҳри – Урумчидаги «Kunlun Hotel» меҳмонхонаси конференциялар залида ташкил этилди. Ҳудуд маьмурияти масьул ходими Чен Ши хоним Шинжон-Уйғур тумани қадимий Ипак йўлининг асосий йўналишида жойлашган энг муҳим нуқталардан бири эканини таькидлади.

Журналистлар эьтиборини, айниқса, сўнгги йилларда ҳар томонлама кескин ривожланиш яққол кўзга ташланганига қаратди.

Хусусан, охирги 2-3 йилда ЯИМ 6.8 фоиз ўсган, йирик саноат корхоналари 6.4 фоиз кўпайган, ҳудуд соф даромади 15 фоиз ошган. Жами 124 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши натижасида экспорт-импорт миқдори 48.9 фоиз ортган. Аҳолининг ўртача даромади 5.6-8.4 фоиз кўтарилган.

Ушбу натижалар туфайли Шинжон-Уйғур мухтор тумани Хитой провинциялари орасида энг юқори ўсиш даражасини қайд этди.

Тарихий маьлумотларга кўра, Шинжон-Уйғур ўлкасида муқим ҳаёт тарзи шакллана бошлаши эрамиздан олдинги 60-йилларга тўғри келаркан.

Таькидланишича, шундай қадим диёрнинг имконияти, салоҳияти жуда юқори. Шу боис семинар ташкилотчилари дунё халқлари, ривожланган ва ривожланаётган давлатлар бир-биридан ўрганиши, бир-бирини янада чуқурроқ билишида энг муҳим восита ҳисобланган ОАВ ёрдамида ўз ҳудуди тарғиботини кучайтириш ниятини яширмадилар.

Анжуман кун тартиби жуда бой. ЎзА мазкур тадбирлар ҳақида мунтазам ахборот бериб боради.

 

Ғайрат Хонназаров,

ЎзА

Урумчи шаҳри, ХХР