БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда озиқ овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида фермерлар экинлар ҳосилдорлигини ва тупроқ унумдорлигини оширишга ёрдам берадиган, фермер хўжаликлари иқтисодига ҳамда атроф муҳитга ижобий таъсир ўтказадиган тўғридан-тўғри экиш технологиялари билан таништирилмоқда.

Яқинда Қашқадарё вилояти Қамаши туманида “Фермер куни” тадбири ўтказилди. Тадбирда Қамаши ва Шахрисабз туманлари фермер хўжаликлари, вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари мутахассислари қатнашди.

Тадбир қатнашчилари тўғридан-тўғри экиш технологиясини қўллаган ҳолда экилган кузги буғдой ва хашаки нўхат далаларида қилинаётган агротехник тадбирларнинг иқтисодиётга ва қишлоқ хўжалигининг барқарор бўлишига, ҳамда атроф муҳитга ижобий таъсири билан танишдилар.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жаҳоннинг энг илғор тажриба, кўникмалари, билим ва инновацияларини жорий этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлаш бўйича амалий ёрдам ҳамда тавсиялар берилди.

Бугунги кунда лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги хонадонларга 30 дона иссиқхоналар ўрнатилди ва 25 дона мотокультиваторлар етказиб берилиб, иссиқхоналарда сабзавот экинларини етиштириш бўйича семинар-тренинглар ўтказилди. Шунингдек, фермер хўжаликларига 20 тоннага яқин 10 турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етказиб берилган.

Тадбир сўнгида катнашчилар тўғридан-тўғри экиш технологияси янги йўналиш эканлигини таъкидлади. Бу янги технология юртимиз лалми майдонлари тупроқ иқлим шароити учун мақбул экани қайд этилди, технологиялар иқтисодиётга ва қишлоқ хўжалигининг барқарорлигига олиб келишига ишонч билдирилди.

Б.Худойбердиев,

ЎзА