Ичимлик суви таъминоти: 2021-2022 йилларга мўлжалланган 30 та лойиҳа маблағ ажратилсада, якунланмаган

Аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш энг муҳим масалалардан биридир. Бу борада «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида жорий йил якунига қадар аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини 81 фоизга етказиш, 1,3 миллион нафар аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, 3 миллион фуқаронинг ичимлик сув таъминотини яхшилаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида»ги қонуннинг ижроси ҳамда ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилганда, амалий ишлар билан бирга, ўз ечимини кутаётган айрим масалалар ҳам мавжудлиги аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасидаги ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тизимларини ривожлантиришнинг бош схемаси бугунги кунгача ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, стандарт талабларга кўра, ичимлик сувининг сифати 47 турдаги кўрсаткичлар билан аниқланиши назарда тутилган бўлсада, аксарият ичимлик суви таъминоти ташкилотлари лабораторияларга эга эмас.
Шу билан бирга, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар, ичимлик суви манбаларига етарлича эътибор қаратилмагани натижасида 2017-2022 йилларда 119 млрд. сўм маблағ ҳисобига амалга оширилган 67 та объект бугунги кунда ҳам ишламасдан келмоқда.
2021-2022 йилларда амалга оширилиши лозим бўлган 30 та ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари тегишли маблағлар ажратилган бўлишига қарамай, 2023 йилнинг охирига қадар якунланмаган.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.Закировга «Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида» Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА