Марказий сайлов комиссияси делегацияси Жанубий Кореядаги умумий сайловларни кузатишда иштирок этмоқда

241

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамхожаев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Жанубий Кореяда бўлиб ўтадиган, мамлакат Халқ ассамблеяси (парламенти)нинг 22-таркибини белгилайдиган умумий сайловларни кузатиш бўйича халқаро дастурда иштирок этмоқда.

Жорий йилнинг 5 апрель куни Халқаро кузатув дастурининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Унда иштирокчилар Жанубий Кореянинг амалдаги сайлов тизими, унинг шаклланиш ва ривожланиш босқичлари билан яқиндан танишишди.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Кореядаги парламент сайловларини кузатишда 27 та давлатдан 58 нафар сайлов органлари, шунингдек, сайлов масалалари билан шуғулланувчи халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон делегацияси Сеул шаҳридаги сайлов участкаларида бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини кузатишди.

Корея МСКнинг маълумотларига кўра, жума ва шанба кунлари бўлиб ўтган муддатидан олдин овоз бериш жараёнларида сайлов ҳуқуқига эга бўлган 44,2 миллион сайловчининг 31,2 фоизи ёки 13,8 миллион нафари овоз беришган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Жанубий Кореяда илгари ҳеч қандай муддатидан олдин овоз беришда иштирок этиш кўрсаткичлари ўттиз фоиз чегарасига етмаган.

8 апрель куни Ўзбекистон делегацияси аъзолари 2024 йилги сайловлар бўйича Сеул халқаро форумида иштирок этди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси маълумотида. Корея Миллий сайлов комиссияси ҳар йили баҳорда мазкур халқаро форумга мезбонлик қилиб келади.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси ва Корея Миллий сайлов комиссияси раиси ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтган. Унда 2016 йил 6 февралда имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум доирасида сайлов кампанияларни ташкил этиш ва ўтказиш тажрибасини ўрганиш бўйича икки мамлакат марказий сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Корея Миллий сайлов комиссияси раҳбари Тэ-ак Ро Ўзбекистон делегациясига парламент сайловини халқаро кузатув дастурида бевосита иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси билан алоҳида ҳамкорлик алоқалар мавжудлигидан мамнунлигини таъкидлади, дейилади маълумотда.

Халқаро кузатув дастури доирасидаги тадбирлар 12 апрелга қадар давом этади.

А.РУСТАМОВ, ЎзА