Қатъият, ҳарбий маҳорат, ғурур ва ифтихор тимсоли

276

Буюк Соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур таваллудига 688 йил тўлди. Орадан неча асрлар ўтса ҳамки, жаҳонгир бобомиз донишмандлик, улкан ва марказлашган салтанат, юксак ҳарбий салоҳият, фаровон жамият, ижтимоий тенглик ва адолат тимсоли бўлиб қолмоқда.

Пойтахтимизда Амир Темур таваллудининг 688 йиллигига бағишланган «Буюк Соҳибқиронга эҳтиром» номли тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда олимлар, адабиёт ва санъат намояндалари, ҳарбийлар, маънавият тарғиботчилари, талаба-ёшлар иштирок этди. Тантана иштирокчилари дастлаб Амир Темур хиёбонидаги жаҳонгир бобомиз ҳайкали пойига гуллар қўйди.

Темурийлар тарихи давлат музейида Соҳибқирон таваллуди санасига бағишланган тантанали анжуман ташкил этилди.

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али Соҳибқирон ҳаёти, унинг ибратли фаолияти, жамиятда тотувлик, ҳамжиҳатлик, барқарорликни таъминлаш, илм, санъат ва маданият, маърифат аҳлини қўллаб-қувватлаш борасидаги улкан ишлари хусусида батафсил сўз юритди.

Марказий ҳарбий округ қўмондони, полковник Фаррух Зиябоев Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «Амир Темур жанговар байроғи» мукофоти таъсис этилиши хусусида сўзлади. Ушбу мукофот Ватан ҳимоячиларининг ҳарбий жанговар тайёргарлиги ва юксак маънавий салоҳиятини оширишда ўзига хос аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда шиддат билан кечаётган янгиланиш жараёнларида инсон манфаатларига эътибор қаратиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини устувор билишдек эзгу мақсадлар мужассам. Миллий армиямизнинг шаклланишида, ҳаётимизнинг тинч ва осудалигида умрини Ватан ҳимоясига бағишлаган ҳарбийларимизнинг, юрт посбонларининг хизматлари беқиёсдир. Айни жиҳатлар Темур бобомизнинг ҳаёт шиорига айланганини ҳам тарихчилар алоҳида қайд этади.

Маълумотларга кўра, Амир Темур бобомиз биронта жангда енгилмаган, Соҳибқироннинг байроғи ҳамиша баланд ҳилпираб турган. У бугунги авлодлар учун қатъият, ҳарбий маҳорат, ғурур ва ифтихор тимсолидир. 2023 йили Ватан ҳимоячилари куни арафасида Президентимиз ташаббуси билан армия тизимида таъсис этилган «Амир Темур жанговар байроғи» мукофоти учун ўтказилган танловда Марказий ҳарбий округ ғолиб бўлган эди. Ушбу мукофот ҳарбийларимиз учун Ватан ҳимояси йўлида ўзига хос рағбат, ибрат, қатъий азму шижоат рамзи бўлиб хизмат қилмоқда.

Тантанали тадбирда Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, супер ўрта вазн тоифаси WBA йўналишида жаҳон чемпиони Исроил Мадримов Амир Темурнинг жаҳон дипломатияси, давлатчилик асосларини шакллантириш, илм-фан, маданият ривожи йўлидаги улкан хизматлари хусусида гапирди.

Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Миллий театрда саҳналаштирилган «Адолат фасли» спектаклидан Амир Темур монологини ифодали ўқиди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари, таниқли шоир Ғайрат Мажид ҳамда Темурбеклар мактаби ўқувчилари «Соҳибқирон авлодимиз» шеърини биргаликда ўқиб берди.

Анжуманда Соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темурнинг жаҳон тамаддуни ривожидаги ўрни, ҳаёти, ибратли фаолияти хусусида батафсил сўз юритилди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллигига бағишланган анжуманлар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, ўқув даргоҳлари, ҳарбий қисмлар, музейлар, ижодий ташкилотларда, кутубхоналарда бўлиб ўтмоқда.

Назокат Усмонова, Рустам Назарматов (суратлар), ЎзА