Ҳудудларнинг бош режаларини ишлаб чиқишга оид ваколатлар белгиланмоқда
Парламент қуйи палатасининг мажлисида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви ва аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
– Қонун лойиҳаси билан Шаҳарсозлик кодексига Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини ривожлантиришни режалаштириш тарҳлари каби шаҳарсозлик ҳужжатларининг янги турлари киритилмоқда, – деди депутат Дилшод Ҳамзаев. – Шу билан бирга, бош тарҳни ва ҳудудий тарҳларни тасдиқлаш ҳамда мунтазам равишда такомиллаштириб бориш бўйича устувор йўналишлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш бош тарҳида аҳолини ва ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш тизимини давлат томонидан тартибга солиш асослари белгиланмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига ривожлантиришни режалаштириш тарҳларини тасдиқлаш ҳамда мунтазам равишда такомиллаштириб бориш бўйича устувор йўналишларни белгилаш, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига шаҳарларнинг бош режаларини соддалаштирилган кўринишда ишлаб чиқишда лойиҳалаштириш топшириғини бериш каби ваколатлар берилмоқда.
Шунингдек, депутат қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган барча таклифлар Ишчи гуруҳ йиғилишларида чуқур таҳлил этилиб, уларнинг аксарият қисми лойиҳа матнида ўз ифодасини топганини алоҳида қайд этди.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА