Банк-молия соҳасида киберхавфсизлик таъминланади

237

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Марказий банк тўғрисидаги, Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги бир қатор қонунларга банк-молия соҳасидаги кибержиноятларнинг олдини олиш, киберхавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилган бу борадаги қонун лойиҳаси кўпайиб бораётган кибержиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, кредит, молиявий ва банк секторларида потенциал хавфлар ва заифликлар кучайиб бораётгани амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш заруриятини юзага келтирмоқда.

– Мазкур қонун лойиҳаси билан «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги қонуни кредит ташкилотларининг, тўлов ташкилотларининг, тўлов тизимлари операторларининг, валюта биржаларининг ва кредит бюроларининг фаолиятида киберхавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ нормалар билан тўлдирилмоқда, – деди депутат Д.Ғаниев маърузасида. – Шунингдек, энди «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 54-моддасига мувофиқ, банк ахборот тизимларида ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича қонунчилик талабларининг бузилганлиги қўпол қоидабузарликлар қаторига киритилмоқда.

Муҳокамаларда қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши киберхавфсизлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, банк ва электрон ҳукумат тизимида киберхавфсизликни таъминлаш, фуқаролар ишончини мустаҳкамлаш, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА